ҚОРИЁҚУБОВ

ҚОРИЁҚУБОВ Муҳитдин (1896.1.5, ҳоз. Фарғона — 1957.22.2, Тошкент) — ашулачи, опера хонандаси (баритон), актёр, ўзбек мусиқали театри асосчиларидан. Туркистон Республикасининг биринчи халқ ҳофизи (1923), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1930), Ўзбекистон халқ артисти (1936). Дастлаб эски мактаб, 1912—14 й. ларда мадрасада таҳсил кўриб, қироатни яхши эгаллаган, қори сифатида ҳам танилган. Ёшлигидан халқ ашулачилик анъаналарини ўзлаштирган Қориёқубов, айни пайтда янги санъат шаклларига қизиқиб, Фарғонада маҳаллий созандалардан иборат илк пуфлама созлар оркестрларида иштирок этган, оркестрни ташкил этган (1916). Концертларда фаол қатнашиб, халқ ва мумтоз ашулалар («Йўл бўлсин», «Ғайра-ғайра», «Олмача анор», «Кўча боғи» ва ҳ. к.)ни ижро этган.

Фарғона ўлка мусулмон сиёсий драматик труппасида актёр, реж. (1918 — 20) ва раҳбар (1921) бўлиб, Фарғона ва Закаспий фронтлари ва ҳудудларида маданий хизмат қилган. Тошкентда К. Шорштейн театр-студияси (1919), Москвада театр санъати ин-ти (1922—24) да таҳсил кўрган. Тамарахоним билан «Шарқ кечалари» (Москва), Жаҳон амалий санъат кўргазмаси (1925, Париж), шунингдек Берлин концерт саҳналарида ўзбек қўшиқ, ялла ва лапарларини янгича талқин этиб, замонавий ўзбек сйнъатини илк бор Европада тарғиб этган.

1926 й, Самарқандда Ўзбек давлат сайёр концерт этнографик труппасини ташкил қилган, у билан Россия, татаристон, Грузия ва б. жойларда гастролда бўлган. Қориёқубов Қўқон ва Андижон мусиқали театрлари шаклланишида ҳам фаол иштирок этган. 1927—28 й. ларда бу театрларда бадиий раҳбар, реж. (М. Мироқилов б-н) сифатида қатнашиб, театр жамоаларини қайта тузган, ўзи спектаклларда бош ролларни ўйнаган: Неъмат («Ҳалима», Ғ. Зафарий), Фарҳод («Фарҳод ва Ширин»; Хуршид пьесаси, Ш. Шоумаров, Тўйчи ҳофиз ва Ю. Ражабийлар мусиқалаштирган), Султонбек («Аршин мол олон», У. Ҳожибеков) ва б. Концертэтнографйк труппаси заминида Ўзбек давлат мусиқали театринн ташкил қйлган, унинг актёри, директори ва бадиий раҳбари бўлган (1929—33).

Ўзбек опера санъатининг шаклланиши ва ривож топишида ҳам Қориёқубовнинг хизматлари салмоқли. Москва ўзбек опера студиясинит ташкилотчиси ва раҳбари бўлган, ўзи ҳам шу студияда таълим олган (1934—36). Ўзбек давлат опера ва балет театри очилгач, унинг етакчи яккахон хонандаси (1939—47). Миллий операларда Хусрав («Фарҳод ва Ширин», В. Успенский ва Г. Мушель), генерал-губернатор («Бўрон», С. Василенко, М. Ашрафий), Новфал («Лайли ва Мажнун», Т. Содиқов, Р. Глиэр), Улуғбек («Улуғбек», А. Козловский), Маҳмуд Торобий («Маҳмуд Торобий», О. Чишко), Эр Тарғин («Эр Тарғин», Е. Брусиловский) ва б. бош партияларни маҳорат билан талқин қилган, ўзбек опера ижрочилик санъати шаклланишига катта ҳисса қўшган.

Ўзбек давлат филармонияси ташкил этилишида ҳам Қориёқубовнинг хизмати катта. У 1936 ва 1946—50 й. ларда филармониянинг директори ва бадиий раҳбари бўлиб, ўзбек халқ, мумтоз ва янги жанрларни тарғиб этувчи ижодий жамоалар (ашула ва рақс ансамбли, хор капелласи, халқ чолғулари оркестри ва ҳ. к.)ни юзага келтирган.

Ўзбек филармонияси (ҳоз. Халқ бадиий жамоалар дирекцияси)гг Қориёқубов номи берилган. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм ишланган. Вафотидан сўнг Қориёқубов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).

Ад.: К,ориёқубова Э., Муҳитдин Қориёкубов, Т., 1968; Мухитдин КариЯкубов (документальная монография, автор-составитель Л. Авдеева), Т., 1984; Юлдашбаева Т., Мастера узбекской оперной сцены, Т, 1985.

Баҳриддин Насриддинов.

Loading...