ҚОРОВУЛБОЗОР — Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги шаҳар (1981 й. дан; 1958 й. дан шаҳарча), туман маркази. Т. й. станцияси. Вилоят маркази (Бухоро ш.) дан 65 км жан.-шарқда. Бухоро — Қарши т. й. ва автомобиль йўли ёнида жойлашган. Аҳолиси 9,3 минг киши (2004). Шаҳар номи Қоровулбозор сардобаси номидан олинган. Маҳаллий ривоятга кўра, қад. да сардоба ёнида карвонсарой қурилиб, кичкина бозорча вужудга келган. Унинг ёнидаги тепаликда Бухоро амири сарбозларининг қоровуллик буржи бўлиб, ўша тепалик Қоровултепа, ёнидаги бозорча эса қоровулбозор деб аталган. Яна бошқа бир ривоят бўйича сардоба ёнида қора ўтовлар тикилган Қора овул вужудга келган. Ўтовлар олдида пайдо бўлган бозор қораовулбозор деб юритилган. Яна бир тахминга кўра, Бухорога қўшни мамлакатлардан келаётган савдо карвонлари сардоба ёнидаги карвонсаройда тўхтаб, уларнинг моллари амирликнинг шу ердаги божхона вакиллари томонидан текширилгандан сўнг савдогарларга пойтахтга киришга рухсат этилган. Рухсатнома ололмаган савдогарлар ўз молларини шу ердаги бозорда сотиб юртларига жўнаб кетишган. Рухсатнома олгунгача савдогарлар ўз молларини маълум муддат ўзлари қўриқлаган.
Қоровулбозорда 30 га яқин саноат, қурилиш, транспорт корхоналари мавжуд. 1956 й. ла нефть ва табиий газ конларининг аниқланиши, 1997 й. да Бухоро (Қоровулбозор) нефтни қайта ишлаш з-дининг ишга туширилиши, оҳак ва гипс олиниши Қоровулбозорнинг ривожланишига омил бўлди.
Қоровулбозорда қурилиш ташкилотлари. акциядорлик жамияглари. техник жиҳозларни йиғиш ва бутлаш бошқармаси. МТП, деҳқон бозори. новвойхоналар. савдо. маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. 5 умумий таълим, болалар мусиқа, спорт мактаблари, бизнес мактаби, касб-ҳунар коллежи, маданият саройи, маданият уйи, 3 кутубхона, маданият ва истироҳат боғи, 2-жаҳон уруши қурбонлари хотира ёдгорлиги мавжуд. «Обинур» фольклор этнографик дастаси фаолият кўрсатади. «Гўзал» спорт соғломлаштириш мажмуи, «Дельфин» сузиш ҳавзаси, марказий стадион, ва б. спорт ин-шоотлари бор. Туман марказий касалхонаси, марказий поликлиника, туғруқхона, тез тиббий ердам бўлими, дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатади.
Қоровулбозорда меъморий ёдгорликлардан қал. сардоба иншооти (16-а.) сақланган.
Ад.: Шодиев С. Саҳродаги мўъжиза (Қоровулбозор тумани ўтмиши ва бугуни ҳақида лавҳалар), Т.. 2000.