ҚЎШИЛИШ

ҚЎШИЛИШ — археологик ёдгорлик. Мезолит даври (мил. ав. 12-мингйиллик)га оид ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Бўзсув каналининг чап соҳили, Қўшилиш мавзесида жойлашган. Археолог В. А. Захаревич топган (1966 й.). 1967 й. Ў. Исломов томонидан текширилган. Қўшилишдан тошдан ишланган меҳнат қуроллари, ибтидоий одамлар истеъмол қилган ҳайвонларнинг суяк қолдиқлари топилган ва ўрганилган. Ҳамма меҳнат қуроллари (қирғичлар, искана, ўроқ, ранда, пичоқсимон қуроллар ва б.) майда тош парчалари, қисман пластинкалардан тайёрланган. Ихчам учбурчак меҳнат қуроллари ҳам учрайди. Қўшилишни ўрганиш сўнгги палеолит давридан бошлаб Тошкент ҳудудида узлуксиз одам яшаганлигидан далолат беради.