ҚОСИМ ШАЙХ, Шайхи Азизон (16а. боши — Кармана — 1578) — тасаввуф тариқатининг йирик намояндаси, шайх. Абдуллахон II нинг пири. Қ. ш. тасаввуфнинг жаҳрия сулукига мансуб. Унинг камолга етишида Шайх Худойдод Валийнинг таъсири катта бўлган.
Шайбонийлар сулоласининг вакиллари Искандархон, унинг ўтли Абдуллахон II ва укаси Рустам Баҳодирхон ибн Жонибек Султон ва б. га Қосим шайхнинг таъсири кучли бўлган. «Абдулланома» асарида ёзилишича, Қосим шайх шайбоний султонлар ўртасидаги ўзаро урушларни тўхтатиб, Туркистонни ягона давлатга бирлаштириш ғоясини олдинга сурган ҳамда бу йўлда қатъий сиёсат юритаётган Абдуллахон II ни фаол қўллаб-қувватлаган. У шайбоний султонларни бир неча марта ўзаро яраштирган ва сулҳ тузишга эришган (1554, 1558, 1569 ва б.). Абдуллахон II ҳокимият тепасига келгач (1557), Карманада шайх учун муҳташам хонақоҳ қурдирган (1558).
Замондошлари томонидан Қосим шайхга «Ҳазрати Эшон», «Қутб ул-авлиё», «Шайхи Азизон» каби унвонлар берилган.
Манба.: Ҳофиз Таниш Ал-Бухорий, Абдулланома, 1—2-китоблар, Т., 1999— 2000; Ҳасанхожа Нисорий Музаккири аҳбоб, Т., 1993.
Ад.: Иноятов С, Тўраев Ҳ., Саидов М ., Қосим Шайх Азизон, Т., 2000.
Қаҳрамон Ражабов.