ҚОСИМ ШАЙХ ХОНАҚОҲИ — Навоий вилоятидаги меъморий ёдгорлик (16—20-а. лар); Карманада. Қосим Шайх Хонақоҳи хонақоҳ, гўрхона, масжид, айвон ва б. хоналардан иборат. Дастлаб Қосим Шайх учун хонақоҳ бунёд этилган (1558). Шайх вафотидан сўнг хонақоҳ ёнидаги хонага дафн этилган. Хонақоҳ чортоқ тарҳли, қўш гумбазли (пойгумбаз бал. 14 м), ички гумбаз ости бағаллари ироқи муқарнаслар билан тўлдирилган. Тарзининг 3 томони пештоқли; жан. пештоқ ҳашаматлилиги билан ажралиб туради. 1910 й. да атрофи девор билан ўралиб, ҳазира тарзида қўшимча бинолар (зиёратхона, масжид, айвон ва б. хоналар) қурилган.