ҚОСИМ ШОШИЙ (тўлиқ исмшарифи Абу Али Ҳасан ал-Қосим ибн Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал Қаффол аш-Шоший) (10-а.) — фақиҳ. Қаффол Шошийнинг ўғли. Қосим Шошийдан Хуросон ва Ироқ фақиҳлари таълим олишган. Қосим Шоший «ат-Тақриб фил-фуруъ» («Фуруъга яқинлашиш») асари туфайли манбаларда улуғ имомлардан бири сифатида эътироф этилган. Ибн Халликоннинг ёзишича, «бу асар шофиъий мазҳабидаги мўътабар китоблардан бўлиб, кимнинг ҳузурида бу китоб бўлса, бошқасининг ҳожати йўкдир». Исломшуносликда Қосим Шошийнинг «ат-Тақриб» асари турли фиқҳий манбаларни ўрганиш ва тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.