ҚОСИМОВ Миржалол Қўшоқович

ҚОСИМОВ Миржалол Қўшоқович (1970.17.9, Тошкент) — футболчи. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи (1994), «Ўзбекистон ифтихори» (2002). Қосимов ўсмирлар ўртасида жаҳон (1987, Канада), ёшлар ўртасида Европа (1988, Чехословакия) чемпиони, Ўзбекистон кубоги ғолиби (1993, 1997, 2002, 2003), Ўзбекистон (1999, 2002, 2003), Россия (1995), Осиё ўйинлари (1994, Хиросима) чемпиони. Қ. Тошкентнинг «Пахтакор» (1987-1991, 1993, 1997-1998, 2002-2004), Владикавказнинг «Алания» (1992, 1994-1996, 2004). Самаранинг «Крылья Советов» (1999-2000), Дубайнинг «Ал-Шабаб» (2001), Муборакнинг «Машъал» (2005 й. дан) футбол клубларида ўйнаган. Қосимов учрашувлар пайтида жамоавий ўйин ташкил этиш, тўпни шеригига қулай тарзда узатиш, жарима ва бурчак тўпларини маҳорат билан дарвозага киритиш устаси. Қ. Ўзбекистон жисмоний тарбия ин-ти (1996) ва Тошкент иқтисодиёт ун-ти (1999)ни тугатган. «Шуҳрат» медали (1994), «Фидокорона хизматлари учун» ордени (2004) билан мукофотланган.