ҚОСИМОВ

ҚОСИМОВ Ориф (1909 – Тошкент — 2001.19.2) — созанда (дутор), бастакор. Ўзбекистон халқартисти (1979). Болалигидан Юнус Ражабий раҳ-барлигидаги мусиқа тўгарагида най чалишни (1925), Тошкент мусиқа техникумида (1926 — 27) Абдусоат Ваҳобовдан анъанавий дутор куйларини ва Шораҳим Шоумаровдан мумтоз ашула йўлларини ўрганган. Ўзбекистон радиосида миллий мусиқа ансамбли (1927—45), тожик ансамбли (1945 — 53), халқ чолғулари оркестри (1953 — 57), «Мақом» ансамбли (1957 й. дан) да созанда. Дастлаб репертуаридан ўзбек халқ ва мумтоз куйлари («Гиря», «Чоргоҳ», «Эшвой», «Илғор». «Қўқонча», «Аскарий», «Қаринаво», «Дилхирож» ва б.), мақом йўллари («Таснифи Дугоҳ», «Гардуни Сегоҳ». «Мискин 1-5», «Наврўзи Ажам» ва б.) ҳамда ўзи яратган куйлар («Қизил карвон», «Юриш марши», «Рақси духтар», «Резареза») ўрин олган. кейинчалик, бевосита дутор имкониятлари билан боғлиқ «Янгра созим». «Дилдор ўйнасин», «Қизлар рақси», «Хуморингиз», «Черт дуторим» каби асарлар яратган.

Қосимов замонавий дутор ижрочилиги мактаби йирик вакили бўлиб, ижро услуби нозик қочиримларга бойлиги. зарбларнинг хилма-хиллиги ва равонлиги, ижро техникаси мукаммаллиги билан ажралиб туради. Созандалик ва бастакорлик ижолиёти билан бирга Қосимов 1930 й. дан бошлаб мураббийлик билан ҳам шуғулланган. бир неча ҳаваскорлик ансамблларига раҳбарлик қилган. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).

Loading...