ҚЎСТАНАЙ

ҚЎСТАНАЙ (1893-95 й. ларда Николаевск) — Қозоғистон Республикасидаги шаҳар, Қустанай вилояти маркази. Тобол дарёсининг чап соҳилида. Шаҳарни Абелсой жари иккига бўлиб туради. Т. й. чорраҳаси. Аҳолиси 207,1 минг киши (2002). Шаҳарга 1883 й. да асос солинган. 1912—13 й. ларда т. й. орқали Челябинск шаҳри билан боғланган. Ўтмишда Қўстанай саноати қ. х. маҳсулотларини қайта ишлайдиган ярим кус-тарь турдаги кичик корхоналар (кўн-чарм, пиво, мой з-длари)дан иборат бўлган. 1954 й. дан Шимолий Қозоғистонда қўриқ ерларнинг ўзлаштирили-ши, шунингдек, Тўрғай ҳавзасидаги йирик конларнинг ишга туширилиши натижасида янги саноат р-нининг ташкил топиши ва т. й. тармоқларининг қурилиши шаҳарнинг тез ўсишига сабаб бўлди. Қда озиқ-овқат (гўшт ва ун к-тлари) ва енгил саноатлари (камвол мовут к-ти, тикувчилик ва пойабзал ф-калари) ривожланган. Сунъий тола з-ди, металлсозлик (автомобиль ва қ. х. машиналарини таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар и. ч.), қурилиш материаллари корхоналари (темир-бетон конструкциялар, девор блоклари, ғишт з-длари) бор. 2 олий ўқув юрти, драма театри, ўлкашунослик музейи, филармония фаолият кўрсатади.

Loading...