ҚЎСТАНАЙ ВИЛОЯТИ — Қозоғистон Республикаси таркибидаги вилоят. 1936 й. 29 июлда ташкил этилган. Республиканинг шим. қисмида, Тобол дарёси ҳавзасида. Майд. 196 минг км2. Аҳолиси 938 минг киши (2002), асосан, қозоқлар, шунингдек, рус, ук-раин, немис, белорус, татар ва б. мил-лат вакиллари ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 52%. Таркибида 4 шаҳар ва 12 шаҳарча бор, 13 туманга бўлинган. Маркази — Кўстанай ш.
Табиати. Вилоят Урал тоғларининг шарқидаги дашт зонасида, катта қисми Тўрғай ва Урал шарқи пла-толарида жойлашган. Қўстанай вилоятининг шим.-ғарбий қисмини Уралнинг тоғ олди текисликлари ва тармоқлари эгаллаган. Фойдали қазилмалардан темир рудаси, боксит, никель, титанга бой. Асбест, қўнғир кўмир ва қурилиш материаллари захираси ҳам катта. Иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ, қуруқ, қиши совуқ, қор кам ёғади. Июлнинг ўртача т-раси шим. да 18—19° ва жан. да 21 — 22°, янв.-ники шим. да —19° ва жан. да —17°. Йиллик ёғин шим. да 300 — 350 мм, жан. да 240 —280 мм. Вегетация даври шим. да 150 —175 кун, жан. да 180 кун. Энг йирик дарёси — Тобол (Обь ҳавзаси); чап ирмоқлари — Синтас-ти, Аят, Уй, ўнг ирмоғи — Убаган. Майда кўл кўп.
Қўстанай вилоятининг шим. қисмида қора тупроқ (ҳудудининг 40% дан ортиқроғи), жан. да эса каштан тупроқлари тарқалган. 143 минг га ер ўрмон. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, тулки, елик, бўрсиқ, оқ товушқон, малла товушқон: қушлардан тўрғай, турна, қур, қизилиштон, какликлар учрайди.
Хўжалигида лалмикор деҳқончилик билан бирга (асосан, буғдой), сут-гўшт чорвачилиги ва қ. х. маҳсулотларини қайта ишлаш етакчи ўринда. Энергетикаси ташқаридан келтириладиган кўмир, мазут ва газ билан ишлайди. Қўстанай вилояти ғалла, гўшт, темир рудаси, асбест ва боксит етказиб берадиган йирик вилоятдир. Саноатининг асосий тармоғи — кон-руда саноати. Металлсозлик (автомобиль, мотор таъмирлаш, механика з-длари), кимё саноатлари, қурилиш материаллари и. ч. ва айниқса, енгил (тўқимачилик, пойабзал и. ч., тикувчилик) ва озиқ-овқат саноати тармоқлари (ун, пиво, гўшт, мой) ривожланган.
Қўстанай вилояти ғаллачилик, ва чорвачиликка ихтисослашган. Экин майдонларига ғалла, сабзавот, полиз, техника ва озуқа экинлари, картошка экилади. Сут-гўшт етиштириладиган қорамолчилик, шунингдек, чўчқачилик, пар-рандачилик, қўй ва эчкичилик ривожланган. Қўйчилик гўшт ва жун етиштиришга ихтисослашган.
Т. й. узунлиги 835 км, автомобиль йўллари уз. 8,3 минг км, шу жумладан, қаттиқ қопламали йўллар 2,9 минг км2. Асосий транспорт тугунлари: Қўстанай ва Тобол. Қўстанай ш. Москва, Остона, Олмаота каби йирик шаҳарлар билан ҳаво йўллари орқали боғланган. Қўстанай ш. да пед. ин-ти, Рудний ш. да Қозоғистон политехника ин-ти филиали бор. Ўлкашунослик музейи, драма театри, филармония мавжуд.