ҚОВУН

ҚОВУНқовоқдошлар оиласи бодринг туркумига мансуб бир йиллик ўт ўсимликлар тури; полиз экини. Айрим ҳолларда мустақил туркумга ажратилади. Ёввойи ҳолда Жан.-Ғарбий Осиё ва Африкада учрайди. Маданий навларининг ватани — Кичик ва Ўрта Осиё (2 минг й. дан бери экилади). Қ. Жан. Европада, Осиёнинг кўпгина р-нларида, Шим. Америка (АҚШ) ва б. да етиштирилади. Марказий Осиёда қ. экиладиган майдони жиҳатидан полиз экинлари орасида 1-ўринда туради. Қовуннинг маданий кенжа турлари: Ўрта Осиё Қовуни, Кичик Осиё Қовуни, Европа Қ. и; ярим маданий кенжа турлари: илонсимон Қовун, хитой Қ. и; ёввойи ҳамда итқовунлар бор. Илдизи ўқилдиз. уз. 1 м гача боради. Палаги ингичка, ётиб ўсади. Жуда кўплаб ён шохлар чиқаради. Барглари узун бандли, палакда кетма-кет жойлашган. Гултожи сариқ, одатда, беш тожбаргли, оталиклари бешта, чангдонлари икки уяли, бир уйли, айрим жинсли. қ. мевасининг шакли турлича (юмалоқ, овалсимон, чўзинчоқ ва б.). Пўсти қалин (1,5—2 см), ўртача (1 — 1,5 см), юпқа (0,5 — 1,4 см), қаттиқ; эти жуда юмшоқ, юмшоқ, куврак, серсув, сершира, қумоқ, баъзилариники толали, ранги оқ, қизил, сарғиш, яшилроқ. Уруғи оқ, оч сариқ ва сариқ. 1000 дона уруғи вазни 30—45 г. Навига қараб Қовун вазнида эти 63—84, пўсти 10—30. уруғи ва уруғтутарлари 3,1—7,7% ни ташкил этади. Меваси гаркибида 8—20% қуруқ модда, 18% қанд (сахароза), 0,1—0,7% клетчатка, 0,2—35,2 мг% С, РР витаминлари, фолат кислота, калий, натрий, кальций, магний, темир, фосфор, олтингугурт ва б. микроэлементлар бор.

Қовун иссиқсевар, ёруғсевар ўсимлик, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли. Жаҳонда энг яхши Қовунлар Ўзбекистонда етиштирилади. Халқ селекциясида унинг 150 дан ортиқ нави яратилган. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ин-тида илмий селекция асосида чиқарилган ва яхшиланган 50 дан ортиқ нав р-нлаштирилган. Ўзбекистонда экиладиган қовун навлари тўрт ботаник турга мансуб: ҳандалак, амири, кассаба ва зард. Ҳандалак турига деярли барча эртапишар Қовун навлари — Кўкча, Ҳандалак, сариқ ҳандалак, Замча ва б. киради. Амири турига барча ёзда пишадиган Қовун навлари — Давлатбой, Тошлоқи, Даҳбеди, кассаба турига Бўрикалла, Гурвак, зард турига қишки Қовун навлари (Умрбоқий, Кўйбош, Гулоби) ва б. киради. Уруғи тупроқ ҳарорати 14 — 15° га етганда уна бошлайди (13° дан паст ҳароратда уруғ чирийди). Экилгандан кейин 5—7 кунда майса униб чиқади. Қовуннинг эртапишар, ўртапи-шар, кечпишар навлари бор. Эртапишар навлари 55—65, ўртапишарлари 67—70, кечпишар навлари 80 — 90 кунда етилади. Қовун янгилигида ей-илади, қоқи солинади. Шинни, мурабболар қилинади. Тиббиётда бод, беланги, сил, камқонлик, зиқнафас, жигар ва буйрак касалликларини даволашда тавсия этилади. Сепкил, доғ ва бошдаги қазғоқни йўқотишда фойда қилади. Халқ табобатида подагра (ниқриз) га даво, пешоб ҳайдовчи, қабзиятдан холи қилувчи, асабни тинчлантирувчи омил сифатида қўлланилади. Қ. Ўзбекистонда 3 муддатда: эртапишар навлари 10—30 апр. да, ўртапишар навлари 20 апр. — 15 майда, кечпишар навлари 10 — 30 майда, пушта кенглиги 2,8 — 3 м, туплар оралиғи 70×90 см қилиб, дорилаб 2—3 кун ивитилган уруғлар 3—4 тадан 3—6 см чуқурликка (айрим хўжаликларда ханжувар қилиниб) экилади. Чопиқ пайтида ягана қилиб биттадан ўсимлик қолдирилади. Ўсув даврида қатор оралари 2—3 марта юмшатилади (чопиқ қилинади). Тупроқ шароитига қараб 5—6 марта суғорилади. Ҳосилдорлиги 250—300 ц/га. Ўзбекистонда Қовуннинг 36 дан ортиқ нави р-нлаштирилиб, давлат реестрига киритилган (2004). Энг кўп экиладиган навлари: Оқуруғ, Асати, Бўрикалла, Кўктинна, Кўкча, Чўгари, Қизилуруғ, маҳаллий сариқ ҳандалак, Оби новвот, Шакарпалак ва б.

Эрта ҳосил олиш учун иссиқхоналарда ёки очиқ далада плёнка остида кўчатидан экиб етиштирилади.

Зараркунандалари: полиз бити, ўргимчаккана, қовун пашшаси, кўк қурт тунлами ва б.

Касалликлари: оқпалак, қовун бактериози, макроспориоз ва б.

Ад.: Ўзбекистон қовунлари, Т., 1962; Ермохин В. Н., Каримов А. К., Ўзбекистон қовунлари, Т., 1969; Остонақулов Т. Э., Сабзавот экинлари биологияси ва ўстириш технологияси, Т., 1997; Бўриев Х. Ч.. Ашурматов О. А., Полиз экинлари биологияси ва етиштириш технологияси. Т.. 2001; Ҳакимов Р. А., Ҳакимов А. С.. Тошмуҳамедов А., Сабзавот ва полиз экинлари уруғчилиги, Т., 2003.

Абдулазиз Аббосов.

Loading...