ҚОВУНЧИТЕПА

ҚОВУНЧИТЕПА — археологик ёдгорлик (мил. ав. 6-а. — мил. 8-а. ва 15 — 16-а. ларга оид шаҳар харобаси). Тошкент вилоятининг Янгийўл ш. даги Куркулдак каналининг чап соҳилида жойлашган. Археолог Г. В. Григорьев қазиш ишлари олиб борган (1934 — 37), бу ердан кулолчилик ва қурилиш муҳандислигига мансуб буюмлар топилган. Кейинчалик Ўзбекистон ФА Археология ин-ти (Ю. Ф. Буряков раҳбарлигида) томонидан ўрганилган (1970, 1976, 1978). Майд. 25 га. Қовунчитепа баланд арк (50×50 м), тўғри тўртбурчакли шаҳристон (150×100 м) ва рабоддан иборат. Маданий қатламлар (4— 12,5 м қалинликда) Бурганли маданияти ва Қовунчи маданиятига оид меъморликқурилиш қолдиқларидан ташкил топган. Аркнинг остки қатламларида ертўлалар, кулхона, қўлда ясалган дағал сопол идишлар Бурганли даври (мил. ав. 6—3а. ларга)га тегишлидир. Қазиш натижасида туби юмалоқ, тумшуқли қозонлар, ярим юмалоқ тоғорачалар, юза косалар, туби текис хумчалар топилган. Айрим идишларга қизил, жигарранг ангоб билан кенг чизиқ ёки ромб шаклида нақшлар берилган. Қовунчи даври 2 босқичга бўлинган. Мил. ав. 2-а. — мил. 2-а. да хом ғишт ва пахсадан истеҳком ҳамда турар жой бинолари қурилган. Мил. 3—8-а. ларда шаҳар ва рабодда ҳаёт анча ривожланган. Моддий маданиятга Сирдарёнинг қуйи қисмида яшаган қад. аҳолининг маданияти катта таъсир қилган. 8-а. нинг 1-ярмида арабларнинг Чочга қилган босқинчилигидан сўнг Қовунчитепа ташландиқ ҳолга келган. 15—16-а. га келиб, унда ҳаёт қайта тикланган.

Loading...