ҚЎЙЧИЛИК — чорвачиликнинг қўйларни урчитиш билан шуғулланадиган тармоғи. Озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт, ёғ, сут) ва енгил саноатга қимматли хом ашё (жун, тери, мўйна) етказиб беради. Қўй жуни халқ хўжалиги учун муҳим аҳамият касб этади. Қўй жунидан газмол, трикотаж буюмлар, гилам ва ҳ. к., терисидан пўстин, мўйнасидан турли кийимкечаклар тикилади, гўшти оқсил ва ёгга бой тўйимли маҳсулот, сутидан пишлоқ, бринза ва б. тайёрланади.
Қўйчилик олинадиган маҳсулотга қараб гўшт-ёғ, гўшт-жун ва гўшт-жун-сут, улар ўз навбатида, майин жунли, ярим майин жунли, дағал жунли, ярим дағал жунли, мўйнали, пўстин-боп йўналишларга бўлинади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистонда қоракўлчилик ва гўшт-ёғ йўналишидаги қ. ривожланган. Қўй хонакилаштирилгандан бошлаб одамлар ундан олинадиган хом ашё ва гўшт маҳсулотларидан фойдалана бошладилар. Инсон фаолияти натижасида қад. каммаҳсул дағал жунли қўйлар яхшиланган ва маҳсулдорлиги оширилган. Милоддан бир неча минг йил олдин Кичик Осиёда биринчи майин жунли қўйлар, Ўрта Осиёда эса қоракўл қўй зотлари пайдо бўлди. Қўйчилик чорвачиликдаги мустақил тармоқ сифатида, асосан, чўл ва дашт, тоғли ҳудудларда қўйчи бойларнинг хусусий хўжаликларида олиб борилган.
20-а. нинг 20-й. ларидан бошлаб Ўзбекистонда Қўйчиликка алоҳида тармоқ сифатида эътибор берила бошланди. Йирик давлат ва жамоа Қ. хўжаликлари, кейинчалик ихтисослашган наслчилик йўналишидаги хўжаликлар (наслчилик з-длари) ташкил этилди. 30-й. лардан жамоа ва давлат хўжаликлари (колхозлар ва совхозлар)да Қўйчилик фермалари ташкил этилди. Собиқ Иттифоқнинг бошқа ҳудудларидан майин жунли қўй (меринослар) келтирилди. Майин жунли Қўйчиликни ривожлантириш, каммаҳсул қўйларни маҳсулдор қўй зотлари билан чатиштириш, қўйларни сунъий уруғлантиришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ишлари олиб борилди, қўйларни боқиш ва асраш шароитлари яхшиланди. Ветеринария хизмати кўрсатиш тизими ташкил этилди. Натижада подаларнинг зот таркиби яхшиланди, қўй туёғи сони кўпайди, қўйларнинг маҳсулдорлиги ошди, Қўйчиликда майин жунли ва ўртача майин жунли қўйлар салмоғи ортди, бош сони кўпайди. Республикада 1923 й. да барча зотдаги қўйлар бош сони 3,1 млн. бўлса, 80-й. лар бошига келиб, уларнинг сони 8,9 млн. бошга, шу жумладан, қоракўл қўйлари 5,3 млн. бошга етди.
Ўзбекистонда қўйлар, асосан, яйловда боқилади (об-ҳаво шароити ноқулай ҳолларда қўшимча озиқлантирилади). Гўштга топшириладиган қоракўл қўйларни яхши семиртириш учун кузда уларнинг сурувлари тузилади. Бўрдоқига боқиладиган қўйларга шулха, кунжара ёки терт берилади. 70-80 кунда қўйлар яхши семиради ва гўштга топширилади.
90-й. лар бошидан Қўйчиликда чуқур иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 й. 15 мартдаги «Республика чорвачилигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ барча жамоа хўжалиги Қ. фермалари хусусийлаштирилди ва фермер хўжаликлари барпо этилди. Қўйчиликка ихтисослашган давлат хўжаликлари (з-длари) жамоа (ширкат) хўжаликларига айлантирилди. 1998 й. июнда қоракўлчиликда и. ч. ва савдо маса-лалари билан шуғулланадиган ва республикада барча қоракўлчилик ширкат хўжаликларини ва ҳудудий вилоят бирлашмаларини ўз ичига олган «Ўзбек қоракўли» компанияси ташкил этилди.
Республика Қўйчиликда дағал жун ва гўшт-ёғ берувчи ҳисори ва жайдари қўй зотлари асосий ўринни эгаллайди. Ҳисори қўйлар, асосан, тоғ ва тоғ олди минтақаларида (Сурхон-дарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари) боқилади (қ. Ҳисори қўй зоти). Хонадон хўжаликларида боқиладиган жами қўйларнинг деярли ярмини жайдари қўйлар ташкил қилади. Бу зотлар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида кўп тарқалган. Ярим дағал жун олинадиган саража, Олай ва тожикистон қўй зотлари, асосан, фарғона ва Тошкент вилоятларидаги тоғ, тоғ олди яйловларига яхши мослашган.
Қўйчиликка оид и. т. ишлари Чорвачилик институти, Қоракўлчилик ва чўл экологияси институтит олиб борилади.
Қўйчилик жаҳондаги кўпгина мамлакатларда ривожланган. Дунё бўйича 1068669 минг бош қўй боқилди, 497,6 млн. бош қўй сўйилди ва 7,4 млн. т қўй гўшти ишлаб чиқарилди (1999).
Жаҳон мамлакатларида урчитилаётган қўйларнинг деярли ярми Австралия, Янги Зеландия, Ҳиндистон, Туркия, Жан. Африка Республикасига тўғри келади. Қўйларнинг бош сони бўйича (млн. бош) Хитой биринчи ўринда туради (127,1), Австралия (119,6), Ҳиндистон (57,6), Янги Зеландия (46,1), Судан (42,5), Покистон (31,3), Туркия (30,2), Афғонистон (14,3)да ҳам Қўйчилик мамлакат қ. х. да муҳим ўринни эгаллайди.
Фаёз Жақсимов.