ҚЎЙТОШ ТОҒИ — Шимолий Нурота тоғларининг жан. – шарқий қисми. Шарқда Сангзор водийси, ғарбда Савурбел довони оралиғида. Жиззах вилоятида. Уз. 65 км; эни 8—13 км, энг кенг жойи 25 км. Энг баланд жойи — Тўнғизлитоғ (1905 м). Жан.-ғарбида Сангзор — Нурота, шим. – шарқида Мирзачўл ботиқлари ўраб олган. Сувайирғич қисми ва ён бағирларида текисланган юзалар кенг тарқалган. Қўйтош тоғи қумтош, сланец, оҳактош, мармар, гранодиорит, гранитдан иборат. Қатламларнинг ётиш ҳолатлари тектоник ҳаракатлар натижасида кучли ўзгарган. Мармарлашган оҳактошлар юзага чиққан айрим жойларда сой ён бағирлари тик. Жинслар нураш оқиба-тида қўй, тик деворли қалъа, турли хил жониворлар қиёфасини эслатувчи табиат ажойиботларини ҳосил қилган. Тоғнинг шим. ён бағридаги тик қояларда тош уюмлари, сланецли ҳудудларда тошлоқли бузуқ ерлар кенг тарқалган. Шим. ён бағрида оҳак-тошлар юзага чиқиб қолган. Тоғнинг жан. ён бағридаги бир мунча текис юза Ғаллаорол ва Қўйтош ботиқлари томон пастлаша боради. Қўйтош тоғи ён бағирлари ассиметрик тузилишга эга. Шим. ён бағрида Устихонсой, нураксой, Осмонсой, Илончисой; жан ён бағрида Чаёнлисой, Ингичкасой, Саврунсой, Сағанақсой, Норвонсой каби сойлар оқиб тушади. Булоқлар ҳам бор. Типик бўзтупроқ, тўқ тусли бўз тупроқлар тарқалган. Ўсимликлардан шим. ён бағрида қўнғирбош, ранг, шувоқ, флемис, ялтирбош; жан. ён бағрида турли хил ўтлар, шувоқ, ялтирбош, ровоч, чайир, кўзтикан, айрим жойларда наъматак, бодомча учрайди. Тоғ тепаси ва ён бағирларидан баҳорги ёзги яйлов сифатида фойдаланилади. Қўйтош тоғида Қўйтош вольф-рам-молибден кони бор.