ҚОЗИ

ҚОЗИ (араб. — ижро этувчи, ҳукм чиқарувчи) — мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланиб, шариат асосида суд вазифасини бажарув-чи, судья, шаръий маҳкама раиси. Дастлаб Қозиларни Муҳаммад пайғамбар, ундан кейин халифа Умар тайинлаган. Хулофои рошидин даврида Қозилар фақат фуқаролик ишларини кўриб чиқарди, жиноий ишларни ҳал қилиш халифа ёки вилоят ҳокимларининг ваколатига кирарди. Жавобгар юксак мақом эгаси ва иқтидорли киши бўлганда унга тегишли иш мазолим Қозиси (мазолим волиси)гатопшириларди. Шикоятлар билан шуғулланувчи бу идорага давлат раҳбари ёки у тайинлаган баобрў киши бошчилик қиларди. Мазолим судида даъвогар ва жавобгардан ташқари Қ. лар, муфтийлар, салоҳиятли котиб, ички ишлар раҳбарлари, хавфсизлик ходимлари иштирок этарди. Мазолим Қозиси ҳокимлар, давлат мулозимлари, солиқчилардан шикоятлар бўйича ишларни, зўравонлик билан тортиб олинган шахсий мулк ёки вақф мулкларига оид ишларни, Қозилар чиқарган қарорларнинг бажарилмаслиги ҳоллари, кўпчилик манфаатига қарши қилинган тажовузларга доир ишларни кўриб чиқарди. қ. мусулмон бўлмаган фуқароларнинг ишларини уларнинг диний китоблари (Таврот, Инжил) асосида ҳал қиларди. Қози нинғ ҳукми устидан халифага шикоят қилиш мумкин бўлган. 8-а. нинг 2-ярмида аббосийлар давлатида олий Қози — қозиул-қуззот лавозими жорий қилинган.

Амалда қ. лавозимини ўз обрўсига доғ туширмаган, илму идрокли ва шариат қонунларини етарлича биладиган, яққол кўриниб турган жисмоний нуқсони бўлмаган соғлом ва одил ҳар бир эркин (қул бўлмаган) мусулмон эгаллаши мумкин эди. Қози давлат ғазнасидан таъминлаб турилган. Баъзан Қози умумий ваколатга эга бўлиб, бутун мамлакат бўйича ҳукм чиқара олган, баъзан унинг ваколати бир вилоят ёки шаҳар ҳудуди билан чекланган. Қози ўз шаҳри ёки вилоятидаги барча фуқаролик ва жиноий ишларни олиб бориш, жамоатчилик ахлоқи сақланишини назорат қилиш, зарур бўлган тақдирда одамлар ва мулкка васийликни тайинлаш, вақф мулкларини назорат қилиш, жамоат бинолари ва иншоотлар, йўллар, кўчалар ва майдонларнинг ҳолатини кузатиб туриш, мерос бўлинишини ва васиятга риоя қилинишини, қ. ҳукмлари тўғри бажарилиши ва тўғри жазо белгиланишини кузатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва турма нозирларини назорат килиш, закот, садақа ва б. жамоат маблағлари тўғри йиғилиши ҳамда тақсимланишини кузатиб бориш, зарбхона, байтулмол (дашшт хазинаси)ни назорат қилиш каби ишларни бажарарди. Қўшинлар Қозиси қўлга киритилган ҳарбий ўлжани баҳолаши ва унинг тўғри тақсимланишини кузатиши керак бўлган. Бунинг учун у ҳарбий ҳуқуқни яхши билиши лозим эди.

Айрим ҳолларни ҳисобга олмаганда Қозилар асосан фақиҳлар орасидан чиққан.

Ўзбекистон ҳудудида, хусусан Тошкент ш. да 20-а. нинг 30-й. лари бошигача қозилар суди мавжуд бўлиб, шариатга тегишли муаммоларни кўриб, ҳал қилиб келган.

Абдулҳаким Жузжоний.

Next Article

ҚОЗИАСКАР