ҚОЗОҒИСТОН

ҚОЗОҒИСТОН (Қазақстан), Қозоғистон Республикаси (Қазақстан Республикасы) — Евросиё материгининг марказий қисмида жойлашган давлат. Ғарбда Каспий денгизи билан туташган. Майд. 2724,9 минг км2. Аҳолиси 15 млн. киши (2005). Пойтахти — Остона ш. Маъмурий жиҳатдан 14 вилоят, вилоятлар аудан (туман)ларга бўлинади.

Давлат тузуми. қ. — бошқарувнинг президентлик шаклидаги унитар давлат. Амалдаги конституцияси 1995 й. 30 авг. даги референдумда қабул қилинган; 1998 й. 7 окт. да ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Давлат бошлиғипрезидент (1990 й. апр. дан Н. А. Назарбоев), у умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 7 й. муддатга сайланади. қонун чиқарувчи ҳокимиятни 2 палатали парламент (Сенат ва Мажлис), ижроия ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Қозоғистоннинг ҳудуди ғарбда Волга дарёси қуйи оқимидан шарқда Олтойгача ва шим. да Ғарбий Сибирь текислигидан жан. да Тяньшан тоғларигача чўзилган. Ғарбда Каспийбўйи пасттекислиги ва Манғишлоқ я. о. бор; бу ерда денгиз сатҳидан паст ботиқлар (мас, Қорагиё — 132 м) учрайди. Манғишлоқдан шарқда Устюрт платоси (бал. 340 м гача) жойлашган. Каспийбўйи пасттекислиги шим.-шарқда Урал тоғларининг жан. тармоқлари ва Муғожар тоғи билан чегараланган. Муғожар тоғидан шим.шарқда Тўрғай платоси бор. У жан. да Турон пасттекислиги (Қизилқум чўли)га туташиб кетади. Орол денгизидан шим. да Катта ва Кичик Бўрсиқ қумли чўллари ва Оролбўйи Қорақуми жойлашган. Қозоғистоннинг марказий қисмини Крзоғистон паст тоғлари (Сариорқа) эгаллаган. Бу ерда Қизилрай (1565 м), Қарқарали (1366 м), Улуғтов (1133 м) каби алоҳида тоғ массивлари бор. Қозоғистон паст тоғларидан жан. да Бетпақдала чўли, ундан жан. да Мўйинқум чўли жойлашган. Бетпақдаладан шарқда катта майдонни эгаллаган Еттисув ҳудуди мавжуд. Қозоғистоннинг шарқи ва жан.-шарқида Олтой тоғларининг жан. тармоқлари, шунингдек, Саура, Тарбағатай, Жунғария Олатови тизмалари, Шим. ва Ғарбий Тяньшаннинг айрим тизмалари жойлашган.

Қозоғистонда фойдали қазилмалардан Муғожар тоғи токембрий ва палеозой бурмали ва метаморфозлашган қатламлари орасида мис колчедани, Тўрғай букилмаси заминида магнетит рудалари (Соколов, Сарбай ва б.) ҳамда қўнғир темиртош (Қўстанай вилояти), қўнғир кўмир, боксит учрайди. Қозоғистоннинг бурмали палеозой заминида рудали ва норуда фойдали қазилмалар (мис, полиметалл ва б.)нинг йирик конлари бор. Шунингдек, тошкўмир (Қараганда, Экибастуз) ва қўнғир кўмир (Майкуба) конлари мавжуд. Муғожар тоғининг вулканоген жинсларида хромит, никель, кобальт, олтин, асбест бор. қ. ҳудудида қўрғошин, рух, молибден, вольфрам, фосфорит. барит, кадмий, висмут, профиллит, нефть, газ, ёнувчи сланец. марганец. титан, ванна-дий, темир, алюминий, қалай рудалари, олтингугурт, мирабилит, флюорит ҳам бор.

Иқлими кескин континентал. Қиш шим. да совуқ, маркази ва жан. да мўътадил совуқ, чекка жан. да юмшоқ. Янв. да ўртача т-ра шим. да —18°, текислик қисмининг жан. да — 3°. Шим. ва марказий р-нларда қишда — 45° гача, жан. да — 35° гача совуқ бўлади. Ёзи шим. да илиқ, жан. да иссиқ. Июлда ўртача т-ра шим. да 19°, жан. да 28—30°. Йиллик ёғин дашт ва ўрмонли даштларда 250 — 400 мм, чўл ва чала чўлда 100—200 мм. Балхашбўйи, Оролбўйи Қизилқуми ва Устюрт жан. да 100 мм дан кам. Тоғ олди ва тоғларда йиллик ёғин 400 — 1600 мм. қ. ҳудудининг ҳамма қисмида кучли шамоллар бўлади. қ. жан. даги тоғларда музликлар бўлиб, уларнинг сони 2700 дан зиёд, умумий майд. 2000 км2 чамасида.

Қозоғистонда 85 мингдан зиёд дарё ва сой бўлиб, шундан 328 тасининг уз. 100 км дан ортиқ. Дарёларининг аксарияти ички берк ҳавзалар (Каспий ва Орол денгизлари, Балхаш кўли ва б.)га оқади. Текисликлардан оқувчи дарёларнинг кўпи ёзда қуриб қолади. Тоғ дарёлари серсув ва гидроэнергияга бой. Асосий дарёлари — Иртиш, Урал, Чу, Или, Сирдарё. Чордара, Бухтарма, Қопчиғай ва б. сув омборлари бор.

Қозоғистонда 48,3 мингга яқин кўл бор; уларнинг умумий майд. 45 минг км2 дан ортиқ. Йирик кўллари: Балхаш, Зайсан, Олакўл, Тенгиз, Сассиқкўл, Марқакўл ва б.

Тупроқлари шим. да 52° ш. к. гача қоратупроқ, 52—48° ш. к. лар орасида каштан тупроқ, ундан жан. да қўнғир ва бўзқўнғир чўл тупроқлари билан бирга қумли ва тақир тупроқлар, тоғларда тоғ қўнғир, тоғ каштан, қора тупроқ, бўз ўрмон ва тоғ-ўтлоқи қорамтир тупроқлар тарқалган. Тоғ тепаларида тоғ-ўтлоқи субальп ва альп тупроқлар минтақаси жойлашган.

Қозоғистонда ўсимликларнинг 15 минг тури бор. Текислик қисми ўсимлик қопламининг характерига қараб 3 асосий зонага: дашт, чала чўл ва чўл зоналарига бўлинади. Дашт зонасида ҳар хил бошоқли ўсимликлар ўсади, шим. роқда қайинзорлар учрайди. Чала чўл зонасида шувоқ-бошоқли ўсимликлар кўпроқ. Чўл зонаси энг катта майдонни эгаллаган. Қизилқум чўлида қора саксовулзорлар бор. Йирик дарё водийларида тўқай ўрмонлари (жийда, туранғил, тол, чинғил) ўсади, дарё ва кўл бўйлари қамишзор. Тоғ этаги текисликлари ва тоғ олдиларида эфемер ва эфемероидлар. тоғ ён бағирларида буталар (наъматак, зирк ва б.), ёввойи мевали дарахтлар ўсади. Тоғларнинг ўрта минтақаси игна баргли ўрмонлар билан қопланган, тоғ тепалари субальп ва альп ўтлокларидан иборат.

Ҳайвонот дунёсида сут эмизувчиларнинг 180 тури, қушларнинг 500 тури, судралиб юрувчиларнинг 52 тури, сувда ва қуруқда яшовчиларнинг 12 тури, балиқларнинг 104 тури яшайди. Умуртқасиз ҳайвонлар кўп. Кемирувчилар, асосан, чўл ва дашт ерларда тарқалган. Чўл ва чала чўлларда сайғоқ, жайран, тоғларда марал, тоғ такаси, архар, ёввойи чўчқа, йиртқичлардан бўри, тулки, бўрсиқ, тоғ ўрмонларида қўнғир айиқ, қор қоп-лони, силовсин, росомаха, колонок, тийин ва б. яшайди. Сув паррандаларидан ёввойи ғоз, ўрдак, Тенгиз кўлида қизил ғоз, қамишзорларда лайлак, бирқозон, турна, даштда бургут ва ҳ. к. бор. Судралиб юрувчилар кўп. Дарё ва кўллари балиққа бой. Оқсув-Жабалға, Олмаота, Борсакелмас, Қурғалжа, Марқакўл, Наурзум қўриқхоналари, Баяновул миллий боғи бор.

Аҳолиси. Қозоғистонда 131 миллат ва элат истиқомат қилади. Асосий аҳолиси қозоқлар (55,7%). Шунингдек, рус, украин, немис, ўзбек, татар, уйғур ва б. ҳам яшайди. Давлат тилиқозоқ тили. Шаҳар аҳолиси 56%. Диндорларнинг аксарияти мусулмон-суннийлар, православлар (8,2%), протестантлар (2,1%) ҳам бор. Йирик шаҳарлари: Олмаота, Қарағанда, Чимкент, Павлодар, Семипалатинск.

Тарихи. Ҳозирги Қозоғистон ҳудудида мил. ав. 4—3-минг йилликларда (энеолит даври) яйлов чорвачилиги пайдо бўлди. Мил. ав. 1-минг йиллик ўрталарида кўпгина дашт қабилалари яйлов чорвачилиги билан шуғуллана бошлади. Бу қабилалар, асосан, қўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик билан шуғулланган, ҳунармандчилик ва қисман деҳқончилик ҳам қилган. Мил. ав. 3—1-а. ларда ҳозирги Қозоғистон ҳудудида Қанғ давлати вужудга келди. Мил. 6-а. ўрталарида Турк хоқонлиги, 8-а. бошларида Или ва Чу дарёлари оралиғидаги ҳудулларда тургашлар, 766 й. қарлуқлар давлати ташкил топди. Тургашлар, кейинчалик Қарлуқлар хоқонлигида (766— 940) ҳунармандчилик ва савдо марказлари бўлган шаҳарлар (Тароз ва б.) пайдо бўлди. 8—10-а. ларда Қозоғистон жан. да ислом дини тарқалди. 9—11-а. ларда Қозоғистоннинг ғарбий ва жан.-ғарбий ҳудудлари ўғузлар давлати таркибида бўлган. 8—11-а. ларда шим.-шарқий ва марказий ҳудудларда кимаклар ва қипчоқлар яшаган (бу катта ҳудуд Дашти Қипчоқ деб аталган).

10-а. нинг 1-ярмида Еттисувга шарқий Туркистондан яғмолар бостириб кирди. Уларнинг ҳужуми натижасида Қарлуқ хоқонлиги парчаланиб, унинг ўрнида Қорахонийлар давлати пайдо бўлди. 1219—21 й. ларда Қозоғистон мўғуллар томонидан босиб олиниб, Чингизхон ўғиллари ўртасида тақсимланди. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Қозоғистон Олтин Ўрда таркибида, у парчалангач, Оқ Ўрда ва Мўғулистон таркибида бўлган. Амир Темур 1391 й. Тўхтамишта қарши юриши чоғида Қозоғистон даги Улуғтоғ (Улутов)да қароргоҳ қурган ва тоштарошларга сафари ҳақида харсанг тошга битик битишга фармон берган. Орадан 200 йил ўтгач, Абдуллахон II ҳам Дашти Қипчоққа юришидан ёдгорлик сифатида Улуғтоғда масжид қурдирган. Катта ҳудудни бирлаштирган Оқ Ўрда 14-а. охири — 15-а. бошларида бир неча мулкларга ажралиб кетди (асосий ҳудудларни бирлаштирган Нўғай Ўрда ва Ўзбек хонлиги уларнинг энг йириклари бўлган). 15-а. охирида Еттисувда Қозоқ хонлиги вужудга келди. 16-а. бошларида қозоқ элатининг узоқ давом этган шаклланиши ниҳоясига етди. Қосимхон даври (1511 — 23)да Қозоқ хонлиги мустаҳкамланиб, чегараси кенгаиди, аҳоли сони ортди. 16-а. ўрталарида Нўғай Ўрдаси, кейинроқ Мўғулистон ва Сибирь хонликлари парчаланиб кетди. Қозоқ хонлиги жузларга бўлиниб, Катта жуз (Еттисув), Ўрта жуз (Марказий Қозоғистон) ва Кичик жуз (Ғарбий Қозоғистон) деб атала бошлади. 17-а. да жузлар ҳудудларида мустақил хонликлар пайдо бўлди. 18-а. бошларида Қозоғистонга Жунғария хонлиги хавф солиб турди (1729 й. жунғарлар Катта жузнинг талай ерларини босиб олди). 1726 й. Абулхайрхон Кичик жуз оқсоқоллари номидан Россия подшосига фуқароликка олишни илтимос қилиб мурожаат қилди. 1731 й. Кичик жуз Россия таркибига кира бошлади. 1731—40 й. ларда Ўрта жузнинг айрим хон ва султонлари Россия фуқаролигини қабул қилдилар. 18-а. ўрталарида қозоқ султонлари орасида низо кучайиб, пировардида Абулхайрхон ўлдирилди (1748). Унинг ўғли Нурали кичик жуз хони бўлиб, подшо маъмуриятига таянди ва ўз ҳокимиятини Ўрта жузнинг бир қисмига, шунингдек, Хивага ҳам ёйишга уринди. Аммо у муваффақиятсизликка учради. Жунғарларнинг Хитойдан мағлубиятга учраши (1758) натижасида ҳудудининг катта қисми жунғарлар ҳокимияти остида бўлган Катта жузда манжурлар ҳукмронлиги ўрнатилиши хавфи пайдо бўлди. Қозоғистоннинг жан. ҳудудлари, жумладан, Чимкент ҳам Қўқон хонлиги таркибига кирди. 19-а. бошларида Ўрта жуз хонлари Буке (1815), Вали (1819) вафотидан сўнг подшо ҳукумати хон ҳокимиятини тугатиб, 1822 й. дан ян-гича бошқариш тизимини жорий этди. 1824 й. Кичик жузда ҳам хон ҳокимияти тугатилди; уруғ оқсоқоллари ҳокимиятини чеклайдиган ҳудудий бошқарувга ўтилди. Дашт ерларнинг жан. ҳудудлари Кўқон ва Хива хонликлари таркибида қолди. 1853 й. Оренбург ва Самара генерал-губернатори В. А. Перовский Қўқон хонлигига қарашли Оқмачит қалъасини ишғол қилиб, уни таянч пунктга айлантирди. 1854 й. Верний истеҳкоми (ҳоз. Олмаота) қурилди.

Россиянинг таъсири кучайиб бораётганлигидан хавфсираган Кўқон хони Худоёрхон 1860 й. нинг кузида русларнинг Верний истеҳкомини босиб олиш учун 20 минг аскар юборди. Ўша йилнинг окт. да рус қўшинлари қозоқ отрядларининг ёрдамида Узуноғоч дарасида Қўқон хони аскарларини мағлубиятга учратди. Натижада Еттисувнинг барча қисми Россияга қўшиб олинди. 19-а. нинг 60-й. ларида қозоқ ерларининг Россияга қўшиб олиниши тугалланди. Подшо ҳукумати ўлкада маъмурий ислоҳотлар ўтказди. 1867 й. туркистон генерал-губернаторлиги таркибида Еттисув ва Сирдарё вилоятлари, 1868 й. Оренбург генерал-губернаторлиги таркибида Урал ва Тўрғай вилоятлари, Ғарбий Сибирь (кейинчалик Дашт) генерал-губернаторлиги» таркибида Акмолинск ва Семипалатинск вилоятлари ташкил этилди. Вилоятлар уездларга, уездлар волос-тларга, волостлар овулларга бўлинди. Барча ерлар давлат мулки деб эълон қилинди. 1867—68 й. лардаги ислоҳотлар қозоқ жамоаларининг барча табақаларида норозилик туғдирди. Натижада мустамлакачилик зулмига қарши қўзғолон кўтарилди. У шафқатсиз бостирилди. Қ. Россия саноати учун ўз товарларини сотиш бозори ва хом ашё базаси бўлиб қолди.

1-жаҳон уруши йиллари (1914 — 18) да қ. х. маҳсулотлари ва чорва молларини оммавий равишда тортиб олиш, солиқларнинг кўпайиши, қимматчилик, қозоқ аҳолисининг мардикорликка сафарбар қилиниши (1916) аҳоли орасида ғалаёнларнинг авж олишига сабаб бўлди. 1916 й. га келиб ғалаёнлар Қозоғистоннинг бутун ҳудудини қамраб олган миллий озодлик ҳаракатига айланди. Айниқса, бу ҳаракат Тўрғай вилоятида узоқ давом этиб, унга халқ қаҳрамони Омонгелди Имонов раҳбарлик қилди. 1917 й. нояб. — 1918 й. фев. да Қозоғистонда совет ҳокимияти ўрнатилди. Қозоғистоннинг Сирдарё ва Еттисув вилоятлари 1918 й. апр. да ташкил этилган Туркистон АССР таркибига киритилди. 1920 й. 26 авг. да РСФСР таркибида Қирғизистон (Қозоғистон) АССР тузилди. 1920 й. 4—12 окт. да Оренбургда бўлиб ўтган Қ. Советларининг таъсис съезди РСФСР таркибида Қозоғистон АССР тузилганлигини эълон қилди. 1936 й. Қозоғистон АССР СССР таркибидаги иттифоқдош республикага айлантирилди. 1990 й. 25 окт. да давлат суверенитети тўғрисида декларация қабул қилинди. 1990 й. 10 дек. да қ. Республикаси деб номланди. 1991 й. 16 дек. да республика Олий Кенгаши давлат мустақиллиги тўғрисида қонун қабул қилди. 1991 й. 21 окт. да МДҲ таркибига кирди. Қозоғистон — 1992 й. дан БМТ аъзоси. 1992 й. 23 окт. да ЎзР суверенитетини тан олган ва дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 16 дек. — Мустақиллик куни (1991).

Асосий сиёсий партиялари ва касаба уюшма бирлашмалари. Қозоғистон аграр партияси, 1999 й. янв. да тузилган; қ. фуқаролик партияси, 1998 й. нояб. да асос солинган; Қ. демократик партияси, 2004 й. апр. да ташкил этилган; қ. «Ақ жол» («Оқ йўл») демократик партияси, 2002 й. мартда тузилган; Қ. «Аумл» («Қишлоқ») социал-демократик партияси, 2000 й. янв. да асос солинган; қ. халқ коммунистик партияси, 2004 й. апр. да ташкил этилган; Қ. коммунистик партияси, 1991 й. тузилган; «Қозоғистоннинг демократик танлови» халқпартияси, 2001 й. нояб. да асос солинган; Қ. ватанпарварлар партияси, 2000 й. ташкил этилган; Республика «Отан» («Ватан») сиёсий партияси, 1999 й. янв. да асос солинган; «Руҳоният» партияси, 2003 й. апр. да тузилган. Қозоғистон эркин касаба уюшмалари конфедерацияси, 1991 й. авг. да тузилган; Қ. меҳнат конфедерацияси, 2004 й. 2 мартда ташкил этилган; қ. Республикаси касаба уюшмалари федерацияси, 1990 й. окт. да асос солинган.

Хўжалиги. Қозоғистон — индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноат 22,2%, савдо ва умумий овқатланиш 18,1%, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги 12,7%, транспорт ва алоқа 11,8% ни ташкил этади.

Саноатида ёнилғи-энергетика, қора ва рангли металлургия, озиқ-овқат, машинасозлик ва металлсозлик, кимё ва нефть кимёси, енгил, қурилиш материаллари саноати етакчи тармоқлардир. Қора металлургия саноати марказлари Темиртов, Оқтўба, Қарағанда, Оқсув ш. лари. Рангли металлургия саноати мис (Балхаш ва Жезқазған кон-металлургия к-тлари), қўрғошин-рух (Усть-Каменогорск, Чимкент), алюминий (Павлодар) саноатини ўз ичига олади; титан-магний ишлаб чиқарилади. Машинасозлик (темирпресс ускуналари, станок, экскаватор, трактор, қ. х. машиналари и. ч.) корхоналари Қарағанда, Олмаота, Остана, Павлодар, Усть-Каменогорск ш. ларида жойлашган. Кимё саноати корхоналари минерал ўғит, фос-фор, пластмасса, синтетик каучук, кимёвий тола ва б. ишлаб чиқаради (Қоратов, Чимкент, Тароз, Атеров). Атеров, Павлодар ш. ларида нефтни қайта ишлаш з-длари бор. Қурилиш материаллари саноатида цемент, оҳак, ғишт, темир-бетон конструкциялари и. ч., енгил саноатнинг кўн-пойабзал, теримўйна, жун, трикотаж, ип-газлама и. ч. тармоқлари ривожланган. Озиқ-овқат саноатида гўшт, ёғ, қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқарилади. Тошкўмир (Экибастуз, Қарағанда ҳавзалари), нефть ва табиий газ (Манғишлоқ я. о.), темир рудаси (Соколов-Сарбай кони), полиметалл, мис, уран, хром, қўрғошин, никель рудалари, рух, висмут, кадмий, молибден, боксит қазиб олинади. йилига ўртача 58,6 млрд. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади – I (85,7% иссиқлик электр ст-яларида). Иртиш (Усть-Каменогорск, Бухтарма), Сирдарё (Чордара), Или (Қопчиғай) дарёларида йирик ГЭСлар бор.

Қишлоқ хўжалигида мамлакат ҳудудининг 44% дан фойдаланилади; унинг 19% ҳайдалади, 1% га яқини суғорилади. 1954—60 й. ларда қўриқ ва бўз ерларнинг ўзлаштирилиши натижасида Қозоғистон ғалла етиштирувчи йирик республикага айланди. Лалми ва суғориладиган ерларда ғаллачилик билан бирга гўштжун қўйчилиги ва гўшт-сут чорвачилиги ҳам ривожланган. Ғаллачиликда, асосан, буғдой етиштирилади. Шунингдек, пахта, кунгабоқар, зиғир, ем-хашак экинлари экилади. Мевачилик, токчилик, полизчилик ривожланган. Чорвачиликда қорамол, чўчқа, қўй ва эчки, уй паррандаси, туя ва йилқи боқилади.

Транспортида т. й. лар узунлиги 13,5 минг км, автомобиль йўллари уз. 87,4 минг км. Каспий ва Орол денгизлари, Балхаш кўли, Иртиш, Урал, Сирдарё дарёларида кема қатнайди. Трубопровод транспорти ривожланган. «Эйр Қазақстан» ҳаво йўллари компанияси мавжуд.

Қ четга нефть, табиий газ, қора металл, мис, ғалла, кўмир ва б. чиқаради. Четдан озиқ-овқат ва саноат моллари, машина ва жиҳозлар олади. Ташқи савдода Россия, Украина, Қирғизистон, Германия, Хитой билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлигитенге.

Тиббий хизмати. 2005 й. Қ. да 50,6 минг врач (10 минг аҳолига 33,9 врач), 104,4 минг ўрта тиббиёт ходими (10 минг аҳолига 74,1 ўрта тиббиёт ходими) ишлади. Врачлар мамлакатдаги ихтисослаштирилган 6 олий ўқув юртида тайёрланади. қ. ҳудудида «Боровое», «Олма-Арасан», «Сариоғоч» курортлари, Ола-тов, Баяновул, Капал-Арасан, Мўялди, Янгиқўрғон курорт жойлар бор.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 19-а. 2-ярмигача қ. ҳудудида фақат мусулмон мактаб ва мадрасалари бўлган. 19-а. нинг 2-ярмидан дунёвий мактаблар, хусусан, 1850 й. Оренбург чегара комиссияси ҳузурида қозоқ болалари учун 7 й. лик мактаб очилди. 1864 й. Тўрғайда қозоқ демократ-маърифатпарвар педагоги Н. Олтинсарин ташаббуси билан қозоқ мактаби ва унинг қошида интернат ташкил этилди. 1879—89 й. ларда Қозоғистоннинг турли уездларида 2 синфли рус-қозоқ мактаблари, 1888 й. Орскда муаллимлар мактаби очилди. 1929 й. лотин алифбоси асосида қозоқ ёзуви яратилди. 1940 й. рус алифбоси асосидаги ёзувга ўтилди. 1992 й. дан таълим тизимида ислоҳотлар амалга оширилди. Умумий ўрта таълим мактаблари каби ўрта маълумот берадиган лицей, гимназия, ҳунар-техника мактаблари, коллежлар пайдо бўлди. 2003 й. республикада 108 гимназия, 63 лицей, лицей ва гимназия синфлари бўлган 289 мактаб, иқтидорли болалар учун мўлжалланган 30 мактаб ишлади. 312 ҳунар-техника мактабида 89 мингдан зиёд, 382 коллежда 207 мингдан ортиқ ўқувчи ўқиди. Қозоғистонда биринчи олий ўқув юрти — Қозоғистон пед. институти 1928 й. Олмаота ш. да очилган. 2005 й. Қ. да 43 давлат олий ўқув юрти ишлади. Йириклари: Қозоқ миллий университети, Евросиё миллий ун-ти, Қозоғистон миллий аграр ун-ти, Қозоғистон миллий техника ун-ти, Қозоғистон миллий консерваторияси, Қараганда ун-ти, Олмаота технология ун-ти ва б. Қ. да илмий тадқиқотлар Қозоғистон Республикаси миллий фанлар академияси и. т. институт ва муассасаларида, мамлакат олий ўқув юртлари ҳамда турли вазирлик, муассасалар ихтиёридаги соҳа и. т. институтларида олиб борилади. Қозоғистонда бир қанча кутубхона (энг йириги Қ. Республикаси миллий кутубхонаси), клуб муас-сасаси, 12 музей (йириклари: Қозоғистон Республикаси давлат музейи, Санъат музейи, Мухтор Авезов уй музейи, Абай Қунонбоев мемориал музейи ва б.) бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Қозоғистонда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Йириклари: «Ақиқат» («Ҳақиқат», қозоқ тилидаги ойлик жур., 1921 й. дан), «Атамекен» («Ва-тан», қозоқ тилидаги газ., 1991 й. дан), «Вечерняя Астана», рус тилида ҳафтада 3 марта чиқадиган газ., 1991 й. дан), «Жас алаш» («Ёш миллат», қозоқ тилидаги кундалик газ., 1921 й. дан), «Жулдмз» («Юлдуз», қозоқ тилидаги ойлик жур., 1922 й. дан), «Қазақстан айелдери» («Қозоғистон хотин-қизлари», қозоқ тилидаги ойлик жур., 1925 й. дан), «Казахстанская правда» («Қозоғистон ҳақиқати», рус тилидаги кундалик газ., 1920 й. дан), «Народное хозяйства Казахстана» («Қозоғистон халқ хўжалиги», рус тилидаги ойлик жур., 1926 й. дан), «Простор» («Кенглик», рус тилидаги ойлик жур., 1933 й. дан), «Қазақстанньш аунл шаруа-шмлнғм» («Қозоғистон қишлоқ хўжалиги», қозоқ тилидаги ойлик жур., 1936 й. дан), «Ара» («Ари», қозоқ тилидаги ойлик жур., 1956 й. дан). «Қозоғистон ахборот агентлиги» миллий компанияси, очиқ акциядорлик жамияти, 1921 й. ташкил этилган. «Хабар» агентлиги, акциядорлик жамияти, 1996 й. тузилган. «Қозоғистон» республика телерадиокорпорацияси, Қозоғистон радиоси (1920 й. дан фаолият кўрсатади) ва «Қозоғистон» миллий телеканали (1958 й. дан фаолият юритади)ни бирлаштиради. «Хабар» телерадиокомпани-яси, 1995 й. да ташкил этилган. Қозоғистонда радиоэшиттиришлар 1921 й. дан, телекўрсатувлар 1958 й. дан бошланган.

Адабиёти. Қозоқ халқи адабиёти халқ оғзаки ижоди (қўшиқ, эртак, мақол ва матал, қаҳрамонлик ва лирик-эпик достонлар)дан бошланади. «Эр Тарғин», «Қамбар батир» ва бошқа қад. достонларда халқ озодлиги, эрки ва мустақиллиги йўлида курашган халқ қаҳрамонлари мадҳ этилади. «Қиз Жибек», «Баян Сулув», «Айман-шолпан» достонларида қозоқ халқининг эрксеварлиги куйланади. Халқ эртакларининг Алдар кўса, Жиренши, Тазша, Аёзби каби қаҳрамонларнинг саргузаштлари акс эттирилган эртаклар кенг тарқалган. 15-а. да Асан Кайғи, Сипира, Қазтуған, 16-а. да Дўстпамбет, Шалкииз, 17-а. да Жиембет, Марғаска Жиров, Ақтамберди, 18-а. да Тетиқора, Буқар каби жировлар ўз достонлари билан машҳур бўлдилар. 18—19-а. ларда қозоқ маданияти, жумладан, қозоқ адабиёти тараққиётида янги давр бошланди. Жанақ Соғиндиқ ўғли, Шўжи Қаржа-убай ўғли, Суюнбай Арон ўғли, Шортанбой Қанай ўғли, Мурат Мўнке ўғли, Абубакир Шўқон ўғли ва б. тараққийпарвар халқ оқинларининг асарлари пайдо бўлди. 19-а. ўрталарида Б. Қўжагулов, А. Найманбоев каби оқинлар, шоира Т. Тансанбекова, Жамбул Жабаев ва б. нинг асарлари оммалашди. Бу даврда этнограф ва фольклоршунос Ч. Валихонов адабиётда маърифатпарварлик ғояларини ёйди. 19-а. 2-ярмида танқидий реализм адабиёти — қозоқ ёзма бадиий адабиёт ривожланди. Унинг асосчиси, шунингдек, миллий адабий тилнинг яратувчиси Абай Қўнонбоев бўлди. И. Олтинсарин маърифатпарварлик ғояларини яратди ва рус графикаси асосида қозоқ алфавитини ишлаб чиқди. 20-а. да ёзувчилардан С. Кубаев, С. Тўрайғиров, С. Дунентаев, М. Сералин, Б. Кулеев, Б. Утетилеуов, Т. Изтилеуов, Ғ. Қараш, Н. Орманбот ўғли, Т. Жўмартбоев ва б. маърифатчидемократларнинг реалистик анъаналарини давом эттирдилар. 20-а. нинг 20-й. ларида қозоқ адабиётида Сакен Сайфуллин етакчи ўрин эгаллади. Бу даврда шеърият (Жамбул жабаев, Н. Байганин, Н. Байзаков, Т. Жароков, А. Тожибоев, Ғ. Ўрмонов. А. Тоқмағамбетов ва б.) ва наср (М. Авезов, С. Муқонов, Ғ. Мусрепов, Ғ. Мустафин ва б.) ривожланди. 1930-й. ларда қозоқ адабиётида мавзу кенгайди (С. Сайфуллин, Б. Майлин, ААбишев, И. Жонсуғуров, Ш. Ҳусаинов асарлари). 2-жаҳон уруши йиллари (1939—45)да қозоқ адабиётида қозоқ халқининг жанг майдонидаги қаҳрамонлиги ва мамлакат ичкарисидаги меҳнат жасоратини акс эттирувчи асарлар майдонга келди. С. Муқонов, А. Тоқмағамбетов, Т. Жароков, Ғ. Ўрмонов, К. Абдиқодиров, Х. Бекхожин, Ж. Мўлдағалиев, Х. Эрғалиев каби шоирлар, Ғ. Мустафин, А. Нурпеисов, М. Авезов, А. Абишев ва б. адибларнинг ватанпарварлик руҳи билан суғорилган асарлари яратилди. Урушдан кейинги йилларда ҳам ватанпарварлик мавзуи давом эттирилди ва бу даврда М. Авезов, Ғ. Мусрепов, А. Нурпеисов, Т. Жароков, Г. Каирбеков, А. Тожибоев, Ғ. Ўрмонов, Ш. Ҳусаинов, С. Муқонов ва б. самарали ижод қилдилар. 1948 й. С. Муқоновнинг «Сирдарё», 1953 й. «Ҳаёт мактаби», 1953 й. Ғ. Мусреповнинг «Уйғонган ўлка», 1952 й. Ғ. Мустафиннинг «Қарағанда» романлари яратилди. 1956 й. М. Авезов «Абайнинг йўли» тетралогиясини ёзиб тугатди (1-китоби 1942 й. да нашр этилган). 1960-й. ларда адабиётга Х. Есенжаков, И. Есенберлин, А. Олимжонов, Т. Ахтанов, Ш. Муртазаев, А. Нуршаихов, М. Сундетов, А. Кекилбаев, С. Санбаев. С. Муратбеков, С. Жунусов каби ёзувчилар, Ж. Мулдагалиев, С. Мавленов, Ў. Сулаймонов, К. Мирзалиев, Т. Мулдагалиев, С. Жиенбоев, М. Макатаев, Ж. Нажмиддинов каби шоирлар кириб келди. 1960—90 й. ларда И. Есенберлин. Ш. Муртозаев, А. Кекилбоев, А. Олимжонов. С. Жунусов, С. Сматаевларнинг тарихий романлари пайдо бўлди.

Меъморлиги. Қозоғистон ҳудулида яшаган қабилаларнинг жез давридаги турар жой қолдиқлари (қ. Андроново маданияти), мозорқўрғонлар ва ҳ. к. сақланган. Мил. ав. 1-минг йиллик ва мил. дастлабки асрларда қ. ҳудудида яшаган қабилалар кўчма кигиз ўтов уйлар билан бирга пахса, хом ғиштдан х. ам уйлар қурган. Урта асрларда шаҳарлар [Исфижоб (11а. дан Сайрам), Тароз ва б. ] барпо этилди, қалъа ва қўргонлар қурилди. 8-а. дан ҳоз. Қозогистоннинг жан. қисмида ислом дини тарқалиши муносабати билан масжид, мад-раса каби янги типдаги бинолар, сардоба, ҳаммом, карвонсарой, конуссимон мақбаралар қурилди. 10-а. дан мемориал иншоотлар (Тароз ш. яқинидаги Бабажи хотин мақбараси, Ойшабиби мақбараси) барпо этилди. 13а. 2-ярмидан шаҳарлар (Сиғноқ. Тароз, Сайрам ва б.) қайта тикланди. 14—16-а. ларда шаҳарлар қуриш авж олди, монументал бинолар (К. а-рағанда вилоятидаги Алаша хон мақбараси, 13-а. 2-ярми; Туркистон ш. даги Аҳмад Яссавий мақбараси — Яссавий мажмуаси, 14-а. охири — 15-а. боши) бунёд этилди. 17— 18-а. ларла Қозоғистон ҳудуди чегараси бўйлаб ҳарбий истеҳкомлар — Ёйиқ ш. часи (Уральск), Гурьев, Орск. Семипалатинск, Оренбург қалъалари қурилди. 19-а. да эклектика руҳида қалъа, маъмурий ва савдо иншоотлари, мақбаралар қурилди. 1920-й. ларда турар жой ва жамоат бинолари меъморлигида миллий анъанавий меъморлик унсурларидан фойдаланилди. Балхаш, Қарағанда, Жезқазған каби янги шахарлар барпо этилди. 1920—30 й. лардаги меъморликда конструктивизм ғоялари ўз аксини топди. 1950-й. ларнинг 2-ярмидан қурилиш ишлари кенг кўламда давом эттирилди (Олмаотада Ҳукумат уйи). 1960—70 й. ларда кўп қаватли турар жой биноларининг қавати сони оширилди, янги меъморий шакллар («Медео» спорт мажмуи, 1951, 1971—72 й. ларда реконструкция қилинган, меъморлар В. Кацев, А. Қайнарбоев ва б. ; Шевченко (ҳоз. Оқтов) ш. нинг меъморий мажмуаси; Олмаотадаги «Қозоғистон» меҳмонхонаси, 1978, меъморлар Ю. Ратушний, Л. Ухоботов] яратилди. 1935 й. Қ. Меъморлар уюшмаси тузилган.

Тасвирий санъати. Қозоғистон ҳудудида энг қад. тасвирий санъат ёдгорликларидан палеолит даврида ҳайвонларнинг қояга ишланган расмлари (Қоратов ва Хонтовда) ва неолит даврига мансуб ғор расмлари (Павлодар вилоятидаги жасибой ғорида) топилган. Жез давридан Андроново маданиятига мансуб ёдгорликлар: ҳайвон (буғу, эчки ва б.)лар ҳайкалчалари, ов манзараларининг қояга ишланган тасвирлари (Олмаота вилоятидаги Тамғалидара расмлари) сақланган, сопол идишлар топилган. Қозоғистоннинг ўрта асрларга мансуб тасвирий санъати намуналаридан эр-как, аёл ва ҳайвонларнинг тош ҳайкалчалари, аёлларнинг бронза ҳайкалчалари сақланган. Ўша давр амалий безак санъати ёдгорликларидан ўйма, қолипаки нақш билан безатилган сирсиз ва сирланган сопол идишлар, чарм, металл буюмлар маълум.

19-а. да қозоқлар ҳаёти акс эттирилган тасвирий санъат асарлари яратила бошлади (Ч. Валихонов, Т. Г. Шевченконинг расм ва аквареллари, В. В. Верешчагин расмлари). 20-а. нинг 20—30-й. ларида миллий рассом ва графиклар (А. Тошбоев, Ҳ. ва Қ. Хожиков ва б.) етишиб чикди. 40—50-й. ларда тасвирий санъатнинг барча турлари, жумладан, рангтасвир санъати ривожланди (А. Исмоилов, А. Кастеев, А. Черкас-ский, М. Лизогуб). 1960—70-й. ларда М. С. Кенбоев, К. Т. Телжонов, К. М. Шаяҳметов, С. А. Айтбоев, С. Мамбеев каби рассомлар, Х. И. Наврўзбоев, Б. А. Тулеков, Т. С. Дўстмаҳамбетов каби ҳайкалтарошлар, Р. Сахи, Е. Сидоркин каби графиклар, Л. Хожикова, Р. Сансенбин каби амалий-безак санъати усталари ва б. етишиб чиқци. 1940 й. Қ. Рассомлар уюшмаси тузилган.

Мусиқаси қозоқ оила ва аймоқларининг тарихан қарор топган турмуш тарзи (асосан, ярим кўчманчи чорвачилик ва деҳқончилик), дунёқараш ва эътиқодлари (шомонлик, тангричилик ва б.) асосида ривож топган. Анъанавий мусиқа амалиётида қозоқ бақси (шомон-бахши), термеши, оленши, жиров, оқин, куйши, 18-а. дан сал-серэ (сайёр ижодий гуруҳлари ташкил этган профессионал созанда, хонанда)ларнинг ижоди алоҳида ўрин тутади. Ҳар бир бақсининг ўзи ижод этган шахсий сарин (куй)лари илоҳий ҳисобланган, одамлар руҳига афсун-жоду, фол очиш, табобат ва б. маросимлар жараёнида катта таъсир ўтказган. Халқ қўшиқлари мавсум ва диний («тасаттиқ», «навриз-олен», «жарамазан», «саҳар-олен»), табобат (бадик, «арбау»), оилавий маросим қўшиқлари («жар-жар», «синсу», «бет ошар», «танису», «қоштасу», «жоқтау» ва б.), инсон ҳаёти туркумига оид «бесик жири», «тусау кесу», «жубату», «жиирма бес» ва б., терма, ўлан, жирларлян ибо-рат. Халқ мусиқа чолғулари орасида бақси ва жировларнинг асосий чолғуси ҳисобланган қўбиз, чўпонлар ҳамда профессионал созандалар (Сармалай ва б.) томонидан кенг қўлланилган сибизға оммалашган. Халқнинг энг севимли чолгуси бўлган дўмбират турли мазмундаги (ўйноқи «акжелен», фалсафий «толғау», драматик «қосбосар», лирик «қонир» ва б.) куйларни Биржансал, Даулеткерей, Таттимбет, Жаяу-Муса, Қурмонғози, Дина Нурпеисова каби созанда ва бастакорлар ижро этган. қозоқларда, шунингдек, чангқўбиз, яқин ўтмишда шертер, жетиген (торличертма), карнай, довул каби чолғулар тарқалган.

1930-й. ларда янги (кўп овозли) мусиқа шакл ва жанрлари ривож топа бошлади. 1934 й. Қозоқ халқ чолғулари оркестри (1944 й. дан Қурмонғози номида), Қозоқ мусиқали театри (1937 й. дан опера ва балет театри), 1935 й. Жамбул номидаги Қозоқ давлат филармонияси, 1939 й. Қозоғистон ком-позиторлар уюшмаси ташкил топди. Е. Брусиловский биринчи қозоқ опе-раларини («Қиз-Жибек», 1934; «Жалбир», 1935; «Эр Тарғин», 1937), симфоник асарлар («Сари арка» 3-симфонияси, 1944 ва б.), кантата («Қозоғистон», 1947), В. Великанов биринчи миллий балет («Калкаман ва Мамир», 1938)ларни яратишган. «Жолдастар» (Р. Елебаев), «Қозоқ вальси» (Л. Хамиди) каби оммавий қўшиқлар ижод этилган. 1944 й. Олмаотада консерватория очилди. Халқ мусиқа ижодини ўрганиш ва тўплаш ишларида А. Затаевичнинг хизматлари («Қозоқ халқининг 1000 куйлари», 1925; «Қозоқ халқининг 500 куйлари», 1931) катта.

20-а. нинг 2-ярмида симфония (М. Тўлабоев, К. Кужамьяров, Г. Жубанова ва б.), опера ва балет (С. Муҳамеджонов, Г. Жубанова, Е. Раҳмадиев, А. Серкебаев ва б.), камер мусика (Брусиловский, Жубанова ва б.), қўшиқ (Н. Тлендиев) ва б. жанрлар ривож топди. Мусиқа санъати арбоблари орасида дирижёрлар Ш. Кажгалиев, Н. Тлендиев, А. Молодов, Ф. Мансуров, хонандалар Р. Абдулин, К. Байсеитова, А. Днишев, Р. Багланова, Е. Серкебаев, Б. Тулегенова, Б. До-симжонов, дўбмирачилар К. Жонтлеутов, Р. Омаров, К. Аҳмадияров, А. Ескалиев, Б. Карабалина машҳур. Ҳозир қозоғистонда Қозоғистон давлат филармонияси (1935), Абай номидаги академик опера ва балеттеатри (1934), симфоник оркестр (1937), хор капелласи (1937), Қозоқ концерт бирлашмаси (1960), Қозоғистон телевидениеси камер оркестри, «Отрар сози» фольклор-этнографик оркестри (1981), Олмаота консерваторияси ва Остона мусиқа академияси, 10 дан ортиқ мусиқа билим юрти фаолият кўрсатмокда.

Театри. Театр санъати унсурлари қадимдан халқ маросимларида, сайилларда кўрсатилган томошаларда, масхарабозлик, оқинларнинг айтишувларида мавжуд бўлган. 20-а. нинг 20-й. ларидан Семипалатинск, Қўстанай, Петропавловскда ҳаваскорлик труппалари тузилди. 1922 й. Оренбургда Қозоқхалқ маориф ин-ти ҳузурида биринчи доимий театр тўгараги ташкил этилди. 1926 й. Қизилўрдада биринчи профессионал қозоқ театри очилиб, у 1928 й. Олмаотага кўчирилди (1961 й. дан М. Авезов номидаги Қозоқ драма театри). 1930й. ларда М. Оқинжоновнинг «Исатой ва Маҳамбет», М. Авезовнинг «Тунги момақалдироқ», Ғ. Мусреповнинг «Омонгелди» пьесалари, шунингдек, С. Сайфуллин, Б. Майлин, Ж. Шанин, А. Тожибоев, Ш. Ҳусаинов, А. Абишевларнинг замонавий мавзудаги пьесалари саҳналаштирилди. 2-жаҳон уруши йиллари қозоқ театрлари саҳналарида ватанпарварлик руҳидаги тарихий, фольклор асарлар намойиш этилди. 1940—50-й. лар қозоқ театри учун маҳорат ошириш йўлида бетиним изланиш даври бўлди, тарихий ва замонавий мавзуларда Ғ. Мустафиннинг «Миллионер», А. Тожибоевнинг «Яшнайвер, чўл», «Майра», С. Муқоновнинг «Чўқон Валихонов», М. Авезовнинг «Енлик ва Кебек», К. Муҳаммаджоновнинг «Телпак тагидаги бўривачча» асарлари муваффақиятли саҳналаштирилди. Қозоғистон театр санъати ривожига Ш. Айманов, С. Қожамқулов, Қ. Қуанишпаев, Р. Қўйчибоева, Х. Букеева, С. Муродова, С. Майканова, Е. Умирзақов, Қ. Бадиров, И. Ноғайбоев, Ш. Жандарбекова, Б. Римова ва б. катта ҳисса қўшдилар.

Киноси. 1928 й. Олмаотада «Востокфильм» трестининг бўлими (киножур. тайёрланган, «Турксиб» ҳужжатли фильми яратилган, 1929, реж. В. Турин), 1934 й. кинохроника студияси ташкил этилган. 1938 й. «Ленфильм» киностудиясида қозоқ актёрлари иштирокида «Омонгелди» бадиий фильми (реж. М. Левин) яратилди. 1941 й. окт. да Олмаота бадиий фильмлар студияси ишга тушди, у 1942 й. Қ. га эвакуация қилинган «Мосфильм», «Ленфильм» студиялари билан бирга Бирлашган марказий киностудия номи билан ишлай бошлади. 1944 й. «Мосфильм» ва «Ленфильм» Москва ва Ленинградга қайтгач, Олмаотада қолган студия кинохроника студияси билан қўшилди (1960 й. дан «Қозоқфильм» киностудияси). 1950-й. ларда қозоқ кинематографчилари турли жанрларда фильмлар яратдилар. Реж. Э. И. Файк «Қанотли совға» (1956), реж. В. П. Войтецкий «Сенинг дўстларинг» (1960), реж. М. С. Бегалин «Нотинч баҳор» (1959), «Ерга қайтиш» (1959) фильмларини суратга туширдилар. «Қозоқфильм»нинг энг яхши фильмлари: «Менинг исмим Хўжа» (1963, реж. А. Қарсақбаев), «Алдар кўса» (1964), «Авлодлар ери» (1966, иккаласининг реж. Ш. Айманов), «Машуқ тўғрисида қўшиқ» (1970, реж. М. Бегалин), «Қиз Жибек» (1972, реж. С. Хожиков), «Баттол» (1973, қирғиз реж. Т. Океев), «Алпамис мактабга боради» (1976, реж. А. Қарсақбаев), «Транссибирь тезюрари» (1978, реж. Э. Ўразбоев). Реж. А. Ҳайдаров мультипликацион фильмлар, реж. лар О. Абишев. И. Верешчагин ҳужжатли фильмлар яратганлар. Қозоқ киносининг етакчи актёрлари Е. Умирзақов, А. Умирзақова, К. Кожабеков, Ф. Шарипова, А. Молдабеков ва б. 1958 й. Қ. Кинематографчилари уюшмаси тузилган.

Ўзбекистон — Қ. муносабатлари. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 й. иккала давлат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди. 1997, 2001, 2002 й. ларда ЎзР Президенти И. Каримовнинг Қозоғистонга, 1994, 1998 й. ларда Қ. Президенти Н. Назарбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди. 1998 й. 31 окт. да икки давлат ўртасида имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

Давлатлар ўртасида гуманитар соҳадаги ҳамкорлик мана шу шартнома, 1994 й. 10 янв. да имзоланган Маданият, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, туризм ва спорт бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, 1998 й. 31 окт. да ЎзР Халқ таълими вазирлиги билан Қ. Республикасининг Таълим, маданият ва соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги муассасалараро битимига мувофиқ амалга оширилади. 2005 й. гача икки давлат ўртасида икки томон учун аҳамиятли бўлган 166 ҳужжат имзоланган. 2004 й. ЎзР билан қ. ўртасидаги товар айланмаси 425,9 млн. АҚШ долларини, жумладан, экспорт 184,7 млн. АҚШ долларини, импорт 241,2 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Loading...