ҚОЗОН

ҚОЗОН — РФ даги шаҳар, Татаристон Республикаси пойтахти (1990 й. дан). Волга бўйининг муҳим саноат ва маданий марказларидан бири. Волга дарёси чап соҳилида. Йирик дарё пор-ти. Т. й. станцияси. Автомобиль йўллари чорраҳаси. Аэропорт бор. Аҳолиси 1105,3 минг киши (2002). 5 маъмурий туманга бўлинган.

Қозонга 1-минг йиллик охирида Қозон дарёсининг ўрта оқимида булғорлар асос солган. 1399 й. да Москва князи Юрий Дмитриевич қўшинлари томонидан Қозон вайрон қилинди ва 30 — 40 й. дан сўнг қайта тикланди. Кейинчалик шаҳар ўрнида Кремль қурилди. 15-а. дан Ўрта Волга бўйининг йирик иқтисодий ва савдо маркази, 1438 й. дан Қозон хонлигининг пойтахти. 1552 й. да рус подшоси Иван Грозний қўшинлари томонидан босиб олинган. 1708 й. дан Қозон губерняси маркази. 19-а. да Қозонда саноат корхоналари пайдо бўла бошлади. 1804 й. да ун-т очилди. қ. 1920—90 й. ларда Татаристон АССР пойтахти.

Машинасозлик (авиасозлик, мотор-созлик, «Теплоконтроль», вакуум техникаси и. ч. бирлашмалари; компрессор, электрон-ҳисоблаш техника маҳсулотлари и. ч. ва б.) ва металлсозлик, кимё ва нефть кимёси («Казань-оргсинтез», «Тасма», кимё-фармацевтика корхоналари; синтетик каучук, уй-рўзғор кимёси маҳсулотлари ва б.), енгил (мўйна, кўн-тери маҳсулотлари ва б.), озиқ-овқат саноатлари ривожланган. 11 олий ўқув юрти (шу жумладан, ун-т, консерватория), 6 театр (опера ва балет театри ва б.), 8 музей (Татаристон Республикаси, тасвирий санъат, М. Горький номидаги музейлар ва б.) бор. Шаҳарда меъморий ёдгорликлардан Кремль ва ёдгорликлар мажмуаси (16—18-а. лар), шу жумладан, Суюмбека минораси (17 — 18-а. бошлари), Петропавловск собори (18-а., ҳоз. собор биноси — планетарий), Маржоний масжиди (18-а.), губернатор саройи (19-а.), қозон университети мажмуаси (19-а., классицизм услубида қурилган) сақланган. Қозонда шаҳарнинг бунёд этилганига 1000 йил тўлганлиги муносабати билан бир йўла 5 минг киши намоз ўқийдиган тўрт минорали Қул Шариф жоме масжиди ўз ўрнида қайта тикланди. Европада энг катта бўлган бу масжид 1552 й. Иван Грозний Қозонни босиб олган вақтда бутунлай бузиб ташланган эди.

Қозон Кремли ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган (2000). 2005 й. Қ. нинг 1000 й. лиги нишонланди. Метрополитен ишга туширилди.

Loading...