ҚОЗОҚЛАР

ҚОЗОҚЛАР — халқ, Қозоғистон Республикасининг асосий аҳолиси (6,54 млн. кишидан зиёд, 1990-й. лар ўрталари). Шунингдек, Ўзбекистон (808 минг киши), Туркманистон (87 минг киши), Қирғизистон (37 минг киши), Тожикистон ва РФ (635,9 минг киши)да; ХХР (1115 минг киши, 1990-й. лар ўрталари), Монголия (125 минг киши) ва б. мамлакатларда яшайди. Умумий сони 9,42 млн. киши. Қозоқ тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар.

Қозоқларнинг этногенези турли кўчманчи қабилаларнинг узоқ муддат давомида аралашуви шароитида кечган. Қозоқларнинг қад. аждодларига саклар, усунлар ва б. кирган. Милоднинг бошларида Орол денгизидан ғарбда Қозоқлар этногенезига таъсир кўрсатган аланлар яшаган. 6—7-а. ларда Қозоғистоннинг жан.шарқида яшаган қабилалар Ғарбий Турк хоқонлиги таркибида бўлган. Бу даврда шарқдан туркашлар, телелар, қарлуқлар ва б. келиб жойлашган. 12-а. бошида Қозоғистон ҳудудига қорахитойлар (киданлар) бостириб кирган, улар маҳаллий туркий аҳоли билан аралашиб кетган. 13-а. бошида мўғуллар истилоси даврида Мўғулистон ва Олтойдан найманлар, кераитлар ва б. қабилалар кириб келган. Олтин Ўрда парчаланиши билан 15-а. ўртасида, Ўзбек хонлигидаги ўзаро низолар натижасида бу қабилаларнинг катта қисми Жан.-Шарққа, Мўғулистон давлати таркибига кўчган. 16-а. бошида ғарбга қайтиб келган қозоқ қабилалари Қозоқ хонлигига бирлашган (ўзбек қабилалари Шайбонийхон бошчилигида Ўрта Осиёга кетган). Шу билан қозоқ элатининг шаклланиш жараёни тугалланган. Қозоқларнинг қабила-уруғлари тарихан 3 гуруҳга бўлиниб, алоҳида ҳудудларда яшаганлар. Улар жузлар деб аталган (қ. Катта жуз, Кичик жуз, Ўрта жуз). Асосий машғулоти кўчманчи чорвачилик, фақат жан. даги (Сирдарё бўйидаги) баъзи воҳаларда суғорма деҳқончилик бўлган.