ҚРИМ КОНФЕРЕНЦИЯСИ

ҚРИМ КОНФЕРЕНЦИЯСИ (1945) , Ялта конференцияси — 2-жаҳон уруши даврида 3 иттифоқчи давлат бошлиқлари: И. В. Сталин (СССР), Ф. Д. Рузвельт (АҚШ) ва У. Черчилл (Буюк Британия), ташқи ишлар вазирлари, штаб бошлиқлари ва б. маслаҳатчилар иштирокида (1945 й. 4—11 фев.) бўлиб ўтган конференция. Унда иттифоқчи давлатларнинг ҳарбий режалари аниқлаб ва келишиб олинган, урушдан кейин мустаҳкам тинчликни ва халқаро хавфсизлик тизимини барпо этишга қаратилган иттифоқчилар сиёсатининг асосий принциплари белгиланган. Қрим конференцияси қатнашчилари герман милитаризми ва нацизмни тугатиш тўғрисидаги мақсадларини билдирганлар; 3 давлат (шунингдек, рози бўлса, Франция)нинг Германияда оккупация зонасини ва иттифоқдош давлатларнинг умумгерман назорат органини тузиш, уруш жиноятчиларини одил жазога тортиш, нацистлар партиясини тақиқлаш, Германиядан товон ундириб олиш, БМТни тузиш ва б. ҳақида қарор қабул қилинган. СССР муайян шартлар асосида, Европада уруш тугагандан 2—3 ой кейин Японияга қарши урушга киришга розилик берган.

Loading...