ҚРИМ УРУШИ

ҚРИМ УРУШИ, Шарқий уруш — Яқин Шарқда ҳукмронлик қилиш учун Россия ва Туркия ўртасида бўлган уруш (1853—56). 1854 й. фев. да Туркия Россияга қарши Буюк Британия, Франция, Сардиния қироллиги (1855 й. дан) билан иттифоқ тузиб урушган. Асосий воқеалари: 1853 й. рус қўшинлари Молдавия ва Валахияга кириб борган ва Кавказда ғалаба қозонган, Синопда турк флотини яксон қилган; 1854 й. иттифоқчилар Қримга қўшин туширган, Болтиқ денгизи қамал қилинган, 1854—55 й. ларда Севастополь мудофааси уюштирилган; 1855 й. Россия дипломатик жиҳатдан яккалаб қўйилган. Севастополь таслим бўлган, амалда ҳарбий ҳаракатлар тўхтаган. Россиянинг ҳарбий ва иқтисодий қолоқлиги унинг мағлубиятига сабаб бўлган. Қрим уруши 1856 й. Париж сулҳи билан якунланган.