ҚРИМНИНГ ЖАНУБИЙ СОҲИЛИ — Қрим я. о. нинг ғарбда Айя бурнидан шарқда Қорадоғ массивигача чўзилган Қора денгиз соҳилининг бир қисми. Уз. 150 км чамасида, эни 2 —8 км. Гилли сланец ва оҳактошлардан ташкил топган пасттекисликлар шим. да Яйла чиқиғи билан чегарадош. Қримнинг жанубий соҳили — Қрим соҳилининг энг иссиқ қисми. Иқлими Ўрта денгиз иқлими. Июль ва августнинг ўртача т-раси 24°, янв. ники 4°. Йилига 600 мм ёғин тушади. Қримнинг жанубий соҳилида Ўрта денгиз бўйига хос ўсимлик турлари билан бирга ксерофит ўсимликлар ҳам тарқалган, тоғ ён бағирларининг юқори қисмида кенг баргли ўрмонлар (қорақайин ва дуб), баъзи жойларда Қрим қарағайзорлари бор. Боғ ва парклар кўп. Қримнинг жанубий соҳилида Алушта, Алупка, Симеиз, Гурзуф, Артек, Мисхор, Кореиз, Форос, Мелас ва б. курортлар, санаторий, дам олиш уйлари, пансионатлар фаолият кўрсатади.