ҚУБОД, Кават — неолит ва жез даврига оид маконлар. Хоразм ҳудудидаги Амударёнинг қад. Оқчадарё дельтасининг ғарбий қисмида, кўчма қумтепаларнинг шим. да жойлашган. Хоразм археологияэтнография экспедицияси томонидан текширилган. Калтаминор маданиятига ўхшайди. Қубод бир неча қатламларга бўлинган, баъзи қатламлари жез даврига оид маконлардир, шулардан айримлари анча мукаммал ўрганилган. Қубодда яшовчилар овчилик, балиқ овлаш ва теримчилик билан шуғулланган. Қ.-5 қатламидан топилган буюмлар ярим юмалоқ шаклда тўлқинли ва тўғри чизиқлар билан безатилган «ко-салар» ва б. сопол буюм синиқларидан иборат. Бу нақшлар Жонбос қалъа макони идишлари безагига ўхшайди. Қ.-7да Калтаминор маданиятига хос турар жой қолдиғи топилган. Турар жойларнинг майд. 40—50 м,. асосан, қамиш ва еғочдан, қисман лойдан қилинган бўлиб, қурилишда устунлардан ҳам фойдаланилган. Қазишлар натижасида уйлардан ўчоқ ва кул қолдиқлари, сопол идишларнинг синиқлари, суяк ва чақмоқтош буюмлари топилган. Сопол буюмларнинг сирти бўртма шаклда безатилган. 3 мингга яқин чақмоқтош қуроллар топилган.