ҚУЛБОБО КЎКАЛДОШ

ҚУЛБОБО КЎКАЛДОШ, амир Қулбобо, Муҳиббий (тахм. 1534—1598, Бухоро) — давлат арбоби ва ҳарбий саркарда. Отаси Искандархон ва Абдуллахон II нинг бош садри бўлган. Искандархоннинг ўғли Абдуллахон IIнинг кўкалдош (эмишган) иниси ва яқин кишиларидан бирига айланган. Отаси вафот этгач (1581), Қ. К. унинг садр лавозимини эгаллаган. Абдуллахон II Бухоро тахтига ўтиргач, Қулбобо Кўкалдош саройда нуфузли мансаб — кўкалтошликни эгаллаган, девони мушрифига раҳбарлик қилган ва хоннинг кўпгина ҳарбий сафарларида иштирок этган. Қулбобо Кўкалдош йирик саркарда сифатида Қундуз ва Бадахшондаги бошқа шаҳарларни эгаллашга жонбозлик кўрсатган (1584). 1587 й. дан Ҳирот вилояти ноиби. Сафавийлар давлати Хуросондаги Тун ва Табос ш. ларини босиб олиш учун ҳужум қилганида Қулбобо Кўкалдош ва Динмуҳаммад Султон қизил-бошлиларни мағлубиятга учратган (1592). Бироқ Қулбобо Кўкалдош нуфузининг ортиб бориши ва Ҳиротда ноиб бўлиб туриши Абдуллахон II билан унинг ўғли Балх ҳокими валиаҳд Абдулмўминхон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашувига олиб келган. Ҳофиз Таниш Бухорий ўзининг «Абдулланома» асарида Қулбобо Кўкалдошни «умдат ул-мулк» («подшолик таянчи»), «низоми салтанат», «амир Низомиддин» деган таърифлар билан улуғлайди. Қулбобо Кўкалдош ўз даврининг саводхон кишиларидан бири бўлиб, у шоирлар, олимлар ва санъаткорларни жуда қадрлаган ҳамда уларга ҳомийлик қилган. Ўзи ҳам шоирликда ном чиқариб, «Муҳиббий» тахаллуси билан шеърлар ёзган. Унинг Балхда жуда бой кутубхонаси бўлган. У вазир ва амир сифатида ўзининг шахсий маблағи ҳисобидан Бухоро, Балх, Самарқанд ва Тошкентда 1551 — 75 й. ларда 4 та мадраса қурдирган (қ. Кўкалдош мадрасаси). Хусусан, Балхнинг ободончилигига катта эътибор қаратиб, бу ерда жомеъ масжиди ва работ ҳам қурдирган.

Абдуллахон II вафот этгач, унинг ўғли Абдулмўминхон отасининг яқин кишилари қаторида Қулбобо Кўкалдошни ҳам қатл қилдирган (1598).

Манба: Ҳофиз Таниш ал-Бухорий, Абдулланома, 1—2 китоблар, Т., 1999 — 2000.

Ад.: Ахмедов Б. А., История Балха, Т., 1982.

Loading...