ҚУРБОНОВ Аҳмаджон (1921.10.10, Жомбой тумани — 1945.6.2, Польша, Грудзёндз ш., Шёнайх қишлоғида дафн этилган) — 2-жаҳон уруши қатнашчиси. Урушгача ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1940 й. дан армияда, Тамбов ҳарбий билим юртини (1941) ва «Вистрел» курсини (1943) битирган. 128-гвардиячи ўқчи полки (1-Белоруссия фронти 65-армиянинг 44-гвардиячи ўқчи дивизияси)нинг батальон командири, гвардиячи майор. 1944 й. 5 сент. да Польшанинг Серопк ш., Карневск аҳоли пункти яқинидаги Нарев дарёсини кечиб ўтишда ва плацдарм учун душман билан бўлган жангда кўрсатган жасорати учун вафотидан сўнг Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган (1945.24.3). Ўзи ўқиган мактабга, Жомбой ш. даги станция ва кўчага номи берилган.