ҚУРҒОҚЧИЛИК

ҚУРҒОҚЧИЛИКбуғланиш ёғиндан ортиқ бўлган шароитларда кечадиган узоқ давомли об-ҳаво. Бундай шароитда тупроқдаги сув захираси тез сарфланиб кетади, бу эса қ. х. экинлари ҳамда яйлов ўсимликларининг ривожланиши ва маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Текислик ҳудудлардаги Қурғоқчиликнинг умумий даражаси гидротермик коэффициент (ГТК) билан аниқланади. ГТК вегетация давридаги ёғин миқдорини ҳудди шу даврдаги т-ра йиғиндисининг 10 марта камайтирилган миқдорига нисбати билан ифодаланади (Г. Т. Селянинов). Суғорма деҳқончилик зоналарида ГТК қийматлари вегетация даврида ёғинлар кам бўлган ҳудудларда 0,06—0,15 дан тоғолди зоналарида 0,3—0,4 гача ўзгариб туради. Баландлик ошиши билан Қурғоқчилик таъсири сустлашади, ГТКнинг қиймати эса 0,7 га қадар кўтарилади. Қурғоқчилик тупроқдаги физиологик ўзлаштириладиган намлик йўқлигини характерловчи тупроқ Қ. и ҳамда транспирация ва буғланиш миқдори ошиб кетганлигини ифодалайдиган ҳаво Қ. ига бўлинади. Тупроқ Қурғоқчилики Ўрта Осиёда деярли ҳар йили такрорланиб турадиган оддий ҳол ҳисобланади. Унинг бошланиши Ўрта Осиёнинг денгиз юзасидан 200— 250 м баландликкача бўлган ҳудудларида апр. нинг 1декадасига, 300—400 м баландликкача бўлган ҳудудларда майнинг дастлабки кунларига тўғри келади. Ҳаво Қурғоқчилики ўсимликларга юқори т-рада ва паст нисбий ҳаво намлигининг биргаликда таъсир қилиши билан тавсифланади (қ. Ҳаво намлиги). Суғориладиган деҳқончилик минтақаларида ҳаво Қурғоқчилики кузатиладиган кунлар, одатда, 10—30 кун орасида ўзгариб туради, гоҳида 50 ва ундан ҳам ортиқроқ кунга етади.

Қурғоқчилик қишлоқ хўжалигига, айниқса, лалмикор ерларда катта зарар келтиради. Аксарият ҳолларда Қурғоқчилик гармсел билан бирга юз беради. Суғориладиган майдонларда ривожланган суғориш системаларининг мавжудлиги, шунингдек дала иҳота ўрмонлари барпо этиш, Қурғоқчиликка чидамли навларни экиш, ўсимлик ҳамда дарахтларнинг борлиги Қурғоқчиликнинг зарарли таъсирини камайтиради. Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши бунга яхши мисол бўла олади; бу ерда кенг суғориш тармоқлари барпо этилиб, йирик пахтачилик хўжаликлари ташкил топгандан кейин йилига Қурғоқчилик кузатиладиган кунлар сони 2 баравар камайди (27 ўрнига 13 кун).

Ҳамидулла Абдуллаев.

Prev Article

ҚУРШОВ

Next Article

ҚУСИШ