ҚУРИЛИШ ҚОРИШМАЛАРИ — боғловчи аралашмалар (цемент, алебастр ва б.) га сув, майда тўлдиргичлар (шағал, чақиқ тош, тошқол ва б.) қўшиб тайёрланадиган қурилиш материаллари. Бир хил боғловчи ишлатилган Қурилиш қоришмалари оддий, 2—3 хил боғловчи аралашма (цемент, оҳак ва б.) ишлатилгани мураккаб Қурилиш қоришмалари дейилади. Тўлдиргичларнинг ҳажмий оғирлигига қараб, енгил ва оғир турларга бўлинади. Енгил Қурилиш қоришмалари учун енгил ғовакли материаллар (турли шлаклар, керамзит, аг-лопорит ва б.) ишлатилади. Оғир Қурилиш қоришмалари учун табиий ва тоғ минералларини майдалаб олинган тўлдиргичлар ишлатилади. Оғир Ққ. нинг ҳажмий оғирлиги 1500—-2500 кг/см3 (қуруқ ҳолда), енгилиники 1500 кг/м3 дан кам.
Қурилиш қоришмалари деворбоп (ғишт ва терилган тош, йирик панель, блоклар чокларини тўлдиришга мўлжалланган), пар-дозбоп (ҳар хил сувоқлар учун) ва махсус (гидроизоляция, акустика, рент-ген нурларидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган) хилларга; сиқилишга мустаҳкамлигига қараб, 4 дан 300 гача 9 маркага бўлинади. Қурилиш қоришмаларининг физик-кимёвий хоссаларини яхшилаш мақ-садида уларнинг таркибига 0,1—0,25% ҳар хил қўшилмалар — кул, оҳак, шлак, совун, полимер смолалар ва б. қўшилади.
Қурилиш қоришмалари з-дларда ёки қурилишнинг ўзида қоргичларда тайёрланади. Қурилиш қоришмалари қурилишга тайёр ҳолда ва ишлатишдан олдин сув қўшиладиган қуруқ аралашма ҳолида махсус автомашиналарда ёки қувурлар орқали насослар ёрдамида келтирилади.