ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАР — ҳарбий ҳаракатлар (ҳужум ёки мудофаа) олиб бориш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат томонидан таъминланувчи қуролланган кишиларнинг уюшган бирлашмаси; сиёсий ҳокимиятнинг муҳим тармоғи.

Қуролли кучларнинг вужудга келиши жамиятнинг синфларга ажралиши ва давлат пайдо бўлиши билан боғлиқ. Қулдорлик давлатларининг қўшинлари, асосан, ҳарбий йўлбошчилар ёки шоҳларнинг дружиналаридан, эркин халқ лашкарларидан иборат бўлган. Миср, Юно-нистон, Рим ва б. давлатларда ҳарбий-денгиз флоти тузилган. Мулкчилик муносабатлари ривожлана борган сари вассалликлар лашкарлари Қуролли кучларнинг асосини ташкил этган. Ҳар бир мулкдор моҳир жангчи бўлиб, ўз қуролли отрядига эга бўлган. Ғарбий Европада пиёда аскарлар аҳамиятини йўқотиб, оғир қуролланган отлиқ рицарлар асосий кучга айланган. Шарқда араблар, турклар, мўғуллар ва б. нинг давлатларида Қуролли кучлар, асосан, оғир ва енгил қуролланган отлиқ аскарлардан иборат бўлган (қ. Армия).

18-а. охирида Европа давлатлари (Франция ва б.)да умумий ҳарбий хизмат мажбурияти жорий этилди. 19-а. охирларига келиб ривожланган давлатлар Қуролли кучлари сони кескин кўпайди. 20-а. бошларида янги жанговар техника пайдо бўлди, транспортнинг ривожланиши кадр принципи асосида тузилган армия ва ҳарбийденгиз флоти яратилишига олиб келди. Кейинчалик қуролланиш пойгаси авж олди ва йирик давлатлар қуролли кучлари жадал кўпая бошлади. Фан ва техниканинг энг янги ютукларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш кенг йўлга қўйилди. Янгича қўшин турлари вужудга келди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Қуролли кучлар ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан ўсди. Қўшинлар механизациялаштирилди ва моторлаштирилди, артиллерия ва танклар сони ортди, реактив артиллерия ва баллистик ҳамда қанотли ракеталарнинг дастлабки намуналари пайдо бўлди. Ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз флоти ривожланди. Оператив бирлашмалар (қуруқликдаги қўшинларда — фронт ёки армиялар гуруҳи, ҳарбий-денгиз флотида — флот) ву-жудга келди. 1945 й. АҚШда, 1949 й. собиқ СССРда, кейинроқ Буюк Бри-тания, Франция ва Хитойда атом қуроли пайдо бўлди.

Қуролли кучлар турларига қуйидагилар киради: қуруқликдаги қўшинлар, стратегик мақсаддаги ракета қўшинлари, мамлакатни ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш қўшинлари, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбииденгиз флоти. Қуролли кучлар турлари бўлинма, қисм, қўшилма, шунингдек, бирлашма (асосан, уруш даврида)ларга уюшган қўшин турлари ва махсус қўшинлардан ташкил топади. Қуролли кучларда ягона ташкилий тизим, шахсий таркибни ўқитиш ва тарбиялашнинг, командир кадрларни тайёрлашнинг, хизматни ўташнинг умумий тартиби мавжуд. Тараққий этган давлатларнинг замонавий Қуролли кучлари энг янги жанговар техника, шунингдек, ракета-ядро қуроли билан таъминланган бўлиб, юксак тайёргарликка, кенг жанговар имкониятларга эга (яна қ. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари).

Prev Article

ҚУРЛАР