ҚУРОЛСИЗЛАНИШ — уруш олиб бориш воситаларини бутунлай йўқо-тиш ёки уларни қисман камайтириш ҳамда уруш хавфини бартараф этиш учун шартшароитлар яратиш мақса-дида амалга ошириладиган чора-тад-бирлар тизими. Қуролсизланиш халқаро ҳуқуқнинг тамойилларидан бири бўлиб, унинг юридик моҳиятини 3 меъёрий белги: умумий характердаги мажбуриятлар (Қ. борасида амалий чораларни ишлаб чиқиш); дастурий характердаги нор-малар (қуроллар ва қуролли кучларни тўлиқ йўқ қилиш йўли билан Қуролсизланишга эри-шиш); кафолат характерига эга бўлган мажбуриятлар (амалдаги шартномалар қоидаларини тўлиқ бажариш) ташкил этади.
Қуролсизланиш халқаро доирада БМТнинг 2 асосий органи — Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгашига топширилган. БМТ ҳузурида барча ташкилот аъзоларидан иборат Қуролсизланиш комиссияси ташкил этилган. Қуролсизланишнинг 2 тури: ялпи ва қисман Қуролсизланишни ажратиб кўрсатиш мумкин. Ялпи Қуролсизланиш деганда: 1дан, қуролли кучларни йўқ қилиш, ҳарбий ташкилотларни бартараф этиш, қурол и. ч. ни тўхтатиш, шунингдек, уларни йўқ қилиш ҳамда тинчлик даврида қуроллардан фойдаланишни ман этиш; 2дан, ядровий, кимёвий, бактериологик ва б. оммавий қирғин қуролларининг барча захираларини йўқ қилиш ҳамда шу туркумдаги қуролларни и. ч. ни тўхтатиш; 3дан, оммавий қирғин қуролларини элтиб бериш воситаларининг барча турларини йўқ қилиш; 4дан, мамла-кат ҳарбий фаолиятини уюштирувчи муассасалар ҳамда ташкилотларни бар-тараф этиш, ҳарбий таълим беришни тўхтатиш, ҳарбий ўқув юртларини ёпиш; 5дан, маблағларни ҳарбий мақсадларда ишлатишни тўхтатиш тушунилади. Давлатлар фақат ядровий бўлмаган қуролли кучлар, воситалар ва ташкилотларни сақлаб қолиши мумкин. Улар келишувга биноан ички тартиб-қоида ва фуқароларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш учун зарурдир. Қисман Қуролсизланиш ядровий қуролсизланиш, ядровий қуроллардан фойдаланишни, ядровий қуроллар синовларини ман этиш, ядровий қуролларни тарқатмасликни ўз ичига олади (қ. Ядро қуроли синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома). Шунингдек, ядро қуролларидан холи зоналар (қ. Ядро-сиз зона) ташкил қилиш, стратегик қурол-яроғларни чеклаш ва камайтириш, кимёвий ва бактериологик қуролларни ман этиш ва ниҳоят, оддий қуролларни ва қуролли кучларни қисқартириш ҳам қисман қ. йўлида амалга ошириладиган чоралар ҳисобланади.