ҚУРУМ — тоғларнинг ён бағирлари, ясси тепаликлар ва дарёлар ўзанларидаги яланг нураган тош уюмлари ва сочилмалари. Қаттиқ тоғ жинсларининг физик нураши натижасида ҳосил бўлади. Қурум оғирлик кучи ва сувнинг тошлар орасида музлаб, яна эриши оқибатида тоғ ён бағирлари бўйлаб пастга силжиб туради. Улар тоғларда юриш учун ноқулай, хавфли жой ҳисобланади. Қурумлар сурилиб, тош оқимлари, кўчкиларни ҳосил қилади. Қурумлар юзасининг қиялиги 30— 40° чамасида бўлади. «Қурум» атамаси жой номлари таркибида ҳам учрайди, мас, Марказий Осиёдаги Қорақурум тоғлари, Тяньшандаги Чақирқурум довони, Қирғизистондаги Қурумди чўққиси ва ҳ. к.