ҚУСИШ, қайт қилиш — меъда, диафрагма, қорин девори ва б. мусқулларнинг спазматик қисқариши натижасида меъда ичидаги нарсаларнинг ғайриихтиёрий равишда оғиздан ташқарига чиқарилиши. Меъда ва ички аъзолар, марказий ҳамда периферик нерв системасининг таъсирланиши (мас, заҳарланганда) ёки касаллиги оқибатида рўй беради. Қусиш меъда шиллиқ қаватининг таъсирланишига нисбатан организмнинг ҳимоя — мосланиш реакцияси бўлиб, кўпинча ютиб юборилган ёт жисмлар, сифатсиз овқат ва турли заҳарли моддалар таъсирида содир бўлади. Қусиш туфайли организм зарарли, баъзан ҳатто ҳаёт учун хавфли моддалардан халос бўлади. Меъданинг баъзи касалликлари (мас, яра касаллиги, гастрит)да Қусишдан олдин кўнгил айнийди, одатда Қусишдан сўнг бемор ўзини енгил ҳис қилади. Қусиш юрак, ўт пуфаги, аппендикс (чувалчангсимон ўсимта), буйрак ва б. аъзолар функцияси издан чиққанда меъдага рефлектор таъсир этиши натижасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Қусиш бош мия ва унинг пардалари касалликлари (менингоэнцефалит, бош мия ўсмалари ва шикастланишлари), мияда қон айланишининг бузилиши белгиси бўлиши, шунингдек, эмоци-онал бузилишлар туфайли (мас, баъзи бир нохуш таомлар, қон, қусуқ массалари ва ҳ. к. ни кўрганда) юзага келиши ҳам мумкин. Ҳомиладорларнинг қусиши кўпинча ҳомиладорлик токсикозларининг аломати бўлади.
Қусиш вақтида, айниқса, оғир ва ҳуш-сиз ётган беморларга кўз-қулоқ бўлиб туриш керак, чунки бундай ҳолларда қусуқ нафас йўлларига тушиб, бемор бўғилиб қолиши, ўпкаси яллиғланиши мумкин. Қайт қилаётган беморни ўтқазиб қўйиш ёки бошини пастга қилиб, ёнбоши билан ётқизиш лозим. Агар бемор ётган бўлса, унинг бошини ён томонга қаратиб, қусиб бўлгунча шу ҳолатда ушлаб туриш керак, қусиб бўлгач эса унинг оғзини чайдириш, мадорсиз беморлар оғзини ҳўл тампон билан тозалаб олиш лозим. Қусуқ таркибида қон бўлса дарҳол врач чақириш зарур. Қусиш истеъмол қилинган озиқ-овқат ёки дори воситаларига алоқадор бўлса, уларни қўлламаслик керак. Агар Қусиш сабабсиз рўй берса, врачга мурожаат қилиб, Қусишда юз берган ҳолатни таф-силлаш ҳамда қусуқ массасини врачга кўрсатиш талаб этилади, чунки унинг ташқи кўриниши, таркиби ва б. қусиш сабабларини аниқлашга ёрдам беради. Болаларда Қусиш катталарга нисбатан кўпроқ кузатилади. Қусишнинг барча ҳолларида тезлик билан врачга мурожаат қилиш керак. Фақат тиббий текширишларгина қ. сабабларини аниқлаш ва уни ўз вақтида олдини олиш ҳамда даволаш имконини беради.