ҚУТАЙБА ибн МУСЛИМ алБоҳилий, Абу Ҳафс (660—715, Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани, Кох қишлоғи) — Умавийларнинг Хуросондаги ноиби (705—715), Мовароуннаҳрни босиб олган араб саркардаси. Қутайба ибн муслим ибн М. қайс (қайсит) номли шим. араб қабиласига мансуб бўлган. Ҳажжож ибн Юсуф томонидан Хуросон амири (ноиби) қилиб тайинлангач (705), дастлаб Хуросон ва Тохаристонни тўла равишда арабларга бўйсундирди. Сўнгра у 706— 715 й. лар орасида Мовароуннаҳрнинг катта қисмини (Ромитан ва Пойкендни, 707; Варахша, Вардона ва Бухорони, 709; Шуман, Кеш ва Насафни, 710; Хоразм ва Самарқандни, 712; Шош, Фарғона ва Қошғарни, 713—715 й. ларда) араб халифалигига тобе этган. Қутайба ибн муслим ибн М. қўшинига Бухоро ва Самарқанддаги суғдийлар ва туркийлар, хусусан, Вардона мулкининг ҳукмдори Вардонхудот қаттиқ қаршилик кўрсатган.
Қутайба ибн муслим ибн М. томонидан маҳаллий аҳолини ислом динига киритиш дастлаб қаттиқ қаршиликка учраган. Мас, у тўртинчи марта жанг қилиб Бухорони олгач, араблар бухороликлар билан бирга туриб, уларнинг хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлиб турсалар бухороликлар заруратдан мусулмон бўлади деган мақсадда Бухоро аҳолисига ўз уйларининг ярмини арабларга беришга ундаб буйруқ чиқарди. Қутайба ибн муслим ибн М. шу йўл билан Бухоро ва б. шаҳарларда мусулмончиликни ўрнатди. У Мовароуннаҳрда дастлабки Жомеъ масжидини Бухорода қурдирди (712—713). Қутайба ибн муслим ибн М. бошқа шаҳарларда ҳам масжидлар қурдириб, зардуштийлик ва буддавийликка қарши аёвсиз курашди.
Берунийннинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида келтирилишича, «Қутайба Хоразм хатини яхши биладиган, уларнинг хабар ва ривоятларини ўрганган ва билимини бошқаларга ўргатадиган кишиларни ҳалок этиб, буткул йўқ қилиб юборган эди. Шунинг учун у (хабар ва ривоятлар) ислом давридан кейин ҳақиқатни билиб бўлмайдиган даражада яширин қолди».
Қутайба ибн муслим ибн М. нинг янги халифа Сулаймон (ҳукмронлик даври: 715—717) га бўйсунмаслиги, Мовароуннаҳрдаги араб қўшинлари ўртасида унга нисбатан норозилик пайдо бўлиши ва исён кўтарилишига олиб келди. Арабларнинг шайбон қабиласига мансуб Ҳайён анНабатий (унинг 7 минг кишилик қўшини бўлган) ва тамим (тамимий) қабиласи вакили Вақи ибн Абу Суд бошчилигидаги исёнчилар Қутайба ибн муслим ибн М. нинг чодирига бостириб кириб, у билан биргаликда Абдурраҳмон, Абдуллоҳ, Солиҳ, Ҳусайн, Абдулкарим номли укаларини, ўғли Касир ибн Қутайба ва жиянларини (жами 11 эркакни) ўлдиришган. Қутайба ибн муслим ибн М. Кох қишлоғидаги Работи Сарханг (ҳоз. Мозорбува) қабристонида дафн этилган. Унинг шахси илк ўрта асрлардан бошлаб Мовароуннаҳрда ислом уламолари томонидан муқаддаслаштирилган.
Ад.: Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966; Беруний, Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар, т. 1, Т., 1968; История ат-Табари, Т., 1987.
Қаҳрамон Ражабов.