ҚУЙИ ЧИРЧИҚ ТУМАНИ — Тошкенгп вилоятидаги туман. 1926 й. 29 сент. да ташкил этилган. 1962 й. дек. да Оққўрғон туманига қўшиб юборилган. 1973 й. дек. да қайта ташкил қилинган, 1978 — 91 й. ларда Ғалаба тумани деб аталган. Шим. да Чиноз ва Янгийўл, шарқда Ўрта Чирчиқ, жан. да Оққўрғон туманлари, ғарбдан Сирдарё орқали Сирдарё вилояти билан чегарадош. Майд. 0,56 минг км2. Аҳолиси 96 минг киши (2005). Туманда 1 шаҳар (Дўст-обод), 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Гул, Истиқлол, Кетмонтепа, Май-донтол, Тошлоқ, Тошовул, Янгиҳаёт, Ўзбекистон, Қўрғонча) бор. Маркази — Дўстобод ш.
Табиати. Туман ҳудуди Чирчиқ ва Оҳангарон дарёлари қуйи оқимлари оралиғида жойлашган. Ер юзаси, асосан, ясси текислик, шарқдан ғарбга томон пасайиб боради. Иқлими континентал, қиши нисбатан юмшоқ, ёзи узоқ давом этади, иссиқ ва қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси — Г дан —1,5° гача, июл-ники 26 — 27°. Йилига 250—350 мм ёғин тушади. Вегетация даври 200 — 212 кун. Суғориш каналлари ўтказилган. тупроғи, асосан, бўз тупроқ. Грунт сувлари ер юзасига яқин ерларда ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқлар, дарё соҳилларида аллювиал тупроқтар тарқалган. Ерлар қ. х. да ўзлаштирилганидан табиий ўсимликлар кам. Сирдарё бўйларида баъзан тўқайлар учрайди. Юлғун, туран-ғил, ёввойи жийда ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, юмронқозиқ, қўшоёқ, кўрсичқон, тошбақа, калтаке-сак, тўқайларда чиябўри, ёввойи қуён, қушлардан ўрдак, қирғовул, чумчуқ, лойхўрак ва б. учрайди. Сувларида сув каламуши, бақа, сув илони, балиқлар бор.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, корейс, рус, татар, қозоқ ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 171 киши. Шаҳар аҳолиси 13,6 минг киши, қишлоқ аҳолиси 82,4 минг киши.
Хўжалиги. Туманда 240 га яқин хусусий, 180 кичик корхона ва б. бор. Шулардан йириклари: пахта тозалаш з-ди, балиқчилик хўжалиги, «Нисси» қўшма корхонаси (шоли маҳсулоти етиштиришга ихтисослашган), автокорхона ва б. Қ. х. да пахтачилик, ғал-лачилик етакчи ўринда. Пилла ҳам етиштирилади. Тумандаги 11 ширкат хўжалигидан 8 таси пахта ва ғалла, биттаси шоли етиштиришга, биттаси боғдорчиликка ихтисослашган. 387 фермер, 160 деҳқон хўжалиги фаолият кўрсатади. Қуйи чирчиқ тумани ерларига пахта, ғалла, шоли, каноп, сабзавот, кар-тошка, озуқа экинлари экилади. Боғлар ва токзорлар мавжуд. Тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларида 23 минг қорамол (шу жумладан, 11,5 минг сигир), 6,9 минғ қўй ва эчки бор, шунингдек, парранда, йилқи ҳам боқилади.
2004/05 ўқув йилида туманда 51 умумий таълим мактаби (22,2 минг ўқувчи), 2 касб-ҳунар коллежи (520 ўқувчи) фаолият кўрсатди. 19 кутубхона, 16 клуб муассасаси, 5 стадион, спорт майдончалари ва б. спорт иншоотлари бор. 2 касалхона (240 ўрин), туғруқхона, 2 поликлиника, 15 фельдшер-акушерлик пункти, 16 қишлоқ-врачлик пункти ва б. тиббий муассасаларда 116 врач, 688 ўрта ва кичик тиббий ходим аҳолига хизмат кўрсатади. Туман ҳудудини шарқдан Тошкент — Ангрен т. й. линияси кесиб ўтган. Тошкент — Дўстобод, Тошкент — Оққўргон автомобиль йўллари ҳам туман ҳудудидан ўтган. Туман марказида Хотира майдони барпо этилган. 1927 й. дан «Эркин сўз» туман газ. чоп этилади (адади 1620).