ҚУЙИ САКСОНИЯ — Германия ери (федератив бирлик). Мамлакатнинг шим. қисмида, Везер, Эмс, Эльба дарёлари ҳавзасида. Шимолий денгизга туташ. Катта қисми Ўрта Европа текислигида жойлашган. Жан.-шарқида Гарц тоғлари бор. Майд. 47,6 минг км2. Аҳолиси 7,9 млн. киши (2001). Маъмурий маркази — Ганновер ш.
Қуйи Саксония катталиги бўйича 2-ўриндаги ер. Иқтисодиёти индустриал-аграр характерга эга. Фойдали қазилмалардан нефть, табиий газ, темир рудаси ва рангли металл рудалари, калий ва ош тузи қазиб олинади. Қўнғир кўмир конлари бор. Етакчи саноат тармоқлари: машинасозлик, кемасозлик («Мейер» верфи), пўлат қуйиш ва кимё саноатлари. «Фольксваген» концерни энг йирик корхоналардан бири. Фотоаппарат ва пианино ишлаб чиқарилади. Электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати корхоналари мавжуд. Энг йирик саноат маркази — Ганноверда ҳар йили саноат ва халқаро коммуникация техникаси ярмаркалари ўтказилади.
Ҳудудининг 2/3 қисмидан қ. х. да фойдаланилади. Уларнинг деярли ярми яйлов ва ўтлоқ. Қ. х. нинг етакчи тармоғи — чорвачилик. Асосан, ем-хашак экинлари, илдизмевалилар ва картошка экилади.
Муҳим портлари — Вильгельмсхафен, Эмдем, Норденхам, Браке. туризм ривожланган.