ҚУЁШ ТУТИЛИШИ

ҚУЁШ ТУТИЛИШИ — Қуёшнинг ой гардиши билан тўсилиши натижасида содир бўладиган ҳодиса; Ой ўз ҳаракати давомида Ер билан Қуёш орасидан ўтаётиб, маълум пайтларда Қуёш юзасини тўсиб қўяди ва Ой сояси Ернинг маълум ҳудудига тушади. Ўша жойда Қуёшнинг тўла тутилиши кузатилади ва атроф қоронғилашади. Қолган жойларда тутилиш қисман кузатилади. Бир йилда 2 тадан 5 тагача Қуёш тутилиши бўлиши мумкин. Ернинг Қуёш атрофидаги ва Ойнинг Ер атрофидаги ҳаракатлари чўзинчоқ орбиталар бўйлаб бўлгани сабабли улар орасидаги масофа доимо ўзгариб туради. Натижада Қуёш ва Ойнинг кўринма диаметри доим ўзгариб туради. Қуёш тутилиши пайтида Ойнинг кўринма диа-метри Қуёшникидан етарлича катта бўлса, тўла тутилиш содир бўлади ва унинг максимал фазаси узоқроқ (7,5 мин. дан ошмайди) бўлади. Ой гардиши Қуёш гардишидан кичик бўлса, у Қуёш юзасини бутунлай тўса олмайди ва бу пайтда у осмонда ингичка ёруғ ҳалқа (ҳалқасимон тутилиш) тарзида кузатилади. Ой ўз орбитаси бўйлаб секундига 1 км тезлик билан ҳаракатлангани учун ой сояси ҳам тахм. шундай тезлик билан ҳаракатланади. Лекин, соя ўз ўқи атрофида айланиб турган Ерга тушади. Ер айланишининг йўналиши ҳам Ой соясининг ҳаракат йўналиши билан бир хил бўлади. Лекин, Ер юзасидаги маълум нуқтанинг тезлиги Ой сояси тезлигидан камроқ. Бу тезлик экваторда энг катта — секундига 465 м га етади. Ой сояси ўзидан олдинда кутаётган Ер нукталарини қувиб етиб, катта тезлик билан ундан ўзиб кетади. Шунинг учун ҳам Қуёш тутилиши ғарбдан бошланиб, шарққа қараб силжийди ва жуда катта масофаларга чўзилиб кетади. Қуёш тўла тутилиши минтақасининг кенглиги 300 км, умумий уз. 10000 км га етиши мумкин. Қадимда кишилар Қуёш тутилишларини оддиндан билганлар. Уларга тутилиш такрорланиб турадиган давр ҳам маълум бўлган. Бу сарос деб аталиб, у 18 йил 11 кун 8 соатга тенг. Ер юзининг маълум жойида тўла Қуёш тутилиши камдан-кам такрорланадиган ҳодиса ўрта ҳисобда 300 йилда бир марта кузатилиши мумкин.