РАБҒУЗИЙ

РАБҒУЗИЙ (тахаллуси; асл исмшарифи Носириддин Бурҳониддин ўғли) (13-а. охири — Хоразмнинг Работўғуз мавзеи — 14-а. бошлари) — шоир. Работўғузда қозилик қилган. Шарқ халқлари оғзаки ижодини, айниқса, ривоятларни, авлиё-анбиёлар тўғрисидаги қиссаларни чуқур ўрганган. Ўзи ҳам кўпгина ибратли ҳикоятлар, қиссалар ёзган. Туркий халқлар адабиёти тарихида биринчилардан бўлиб насрда ривоятлардан ҳикоят, ҳикоятлардан қисса яратишни бошлаб берган. Бизгача «Қисаси Рабғузий» (1309—10) асаригина етиб келган. Асар мусулмон мўғул бекларидан Носириддин Тўқбуғанинг топшириғи б-н ёзилган. Китоб туркий тилда, асосан, насрда, мадҳиялар, баъзи қиссаларнинг хулосалари, лирик кечинмалар ва хотима қисми эса назмда ёзилган. Қуръони каримдаги баъзи лавҳалар, исломга оид бошқа китоблардан ва Абу Исҳоқ Нишопурийнинг «Қисас ул-анбиё»сидан айрим фактлар асарга асос қилиб олинган. Асар анъанавий ҳамд ва наът билан бошланади, сўнг унинг ёзилиш сабаби, муаллиф ҳақида маълумот берувчи қисқа сўзбоши, кейин эса қиссалар келади. Жами 72 қиссадан иборат. Мавзу доирасига кўра, асар қиссалари жуда ранг-баранг. Оламдаги бутун мавжудот эгаси бўлган Аллоҳни улуғлаш, пайғамбарлар ҳаётига доир лавҳаларни эслаш, камтаринлик ва такаббурлик, отаона ва фарзанд муносабатлари, эрк ва адолат мавзулари шулар жумласидандир. Қиссалар ҳажми турлича: Мас, Юсуф ҳақидаги қисса салкам 100 саҳифани ташкил килса, Лут ҳақидаги қисса бир неча саҳифадангина иборат. Қиссаларда реал ҳаёт воқеалари билан боғлиқ мавзулар ҳам учрайди. Қиссалар баёнида, персонажлар тасвирида халқ оғзаки ижодининг бевосита таъсири сезилади. Асарда маърифий-дидактик ҳикоятлар ҳам мавжуд (Луқмон ҳикояси ва б.), қиссалардаги ҳикоятларга дунёвий руҳ ҳам сингдирилган (Юсуф қиссаси ва б.). Р. нинг бу асари ўзбек адабиётида бадиий наср ёдгорлигининг етук намунаси ҳамда 13—14-а. лар эски ўзбек адабий тилини ўрганишда асосий манба сифатида аҳамият касб этади. Қиссанинг 15-а. га оид қўлёзмаси Лондондаги Британия музейида, 16-а. да кўчирилган нусхаси Санкт-Петербургда, 19-а. да кўчирилган қўлёзма, шунингдек, босма нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида (инв. №1025, 7397, 1874) сақланади.

Ac: Қисаси Рабғузий, 1—2-китоб, Т., 1990-91.

Ад.: Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж. ли], 1ж., Т., 1977.

Ҳабиб Абдуназар.

Next Article

РАВЕЛЬ