РАБИНЖОН

РАБИНЖОН, Арбинжон — Сўғднинг қад. шаҳарларидан бири. Самарқанд ш. дан 100 км ғарбда, Фай (Пай) канали бўйида жойлашган. Рабинжон харобалари Нарпай туманидаги Кўҳна Оромижон ш. харобаси ўрнида бўлган деб тахмин қилинади. Рабинжонни А. Ю. Якубовский (1934), Г. А. Пугаченкова (1969), шунингдек, Ўзбекистон ФА Археология ин-ти ходимлари (1971— 73) ўрганишган. Шаҳар тўртбурчак қўш девор ва хандақлар билан ўралган мустаҳкам қалъадан иборат. Нарпай канали қирғоғида жойлашган алоҳида қўрғон бўлган. Қалъа 3 томондан шаҳристон ва мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Ҳовуз, бозор ва ҳунармандчилик устахоналари жойлашган шаҳристоннинг жан. томонида кошинкорлик ва маъдан эритиш корхоналари бўлган. Шаҳристон ва рабод ҳудудидан канал ўтган. Шаҳар ҳаётининг дастлабки даври 4—7-а. ларга тўғри келади. Шу даврга оид бинокорлик қолдиқлари, ҳайкалтарошлик намуналари, олтиндан ишланган зийнат буюмлари сақланган. 9—10-а. ларда Р. Яқин ва Узоқ Шарқ мамлакатлари билан Мовароуннахрни боғлаб турадиган йирик шаҳарга айланган. Бу ерда қад. сўғд санъати намунаси сақланган уй ва 10-а. нинг 1-ярмига оид 44 та олтин танга топилган. 1158 й. да Хоразмшоҳ Эларслон қўшинлари б-н Самарқанднинг қорахоний ҳукмдори Чағрихон қўшинлари ўртасидаги жангдан сўнг Рабинжон вайронага айланган.

Ад.: Бартольд В. В., Сочинения, т. 1, М. 1963.

Loading...