РАБЛЕ

РАБЛЕ (Rabelais) Франсуа (1494, Турень, Шинон ш. яқинида — 1553.9.4, Париж) — француз ёзувчиси. Жаҳон адабиётида комик жанрнинг буюк намояндаси. Ёшлигида монах бўлиб, 1527 й. монастирни тарк этган ва ҳуқуқ, топография, археология, тиббиётни ўрганган, шу соҳалар бўйича бир қанча илмий асарлар яратган; 1537 й. тиббиёт д-ри бўлган. Рабле 5 қисмдан иборат дунёга машҳур асари — «Гаргантюа ва Пантагрюэль» романининг 4 қисмини 1533—53 й. ларда ёзиб нашр эттирган, асарнинг 5-қисми эса Рабледан қолган материаллар асосида номаълум муаллиф томонидан 1564 й. да яратилган. Рабленинг бу романи Уйғониш даври француз маданиятининг, ўша давр диний ва сиёсий ҳаётининг, фалсафий, педагогик ва илмий тафаккурининг, ижтимоий ҳаёт ва маънавий интилишларининг чинакам бадиий энциклопедияси ҳисобланади. Асарда ёзувчи хаёлий мамлакат ва персонажларни, ўта муболағали воқеаларни тасвирлашда ҳазил, мазах, истеҳзо ва ҳ. к. дан фойдаланган. Ўрта аср аскетизмига, мунофиқликка қарши қарашларини, ўз даврининг гуманистик идеалларини халқ оғзаки ижоди руҳидаги ва бўрттирма образлар (Гаргантюа, Пантагрюэль каби девқомат одамлар ва ҳақиқат изловчи Панург) орқали ифодалаган. Ушбу роман Лафонтен, Мольер, Рабле Роллан ижодига таъсир кўрсатган. Романнинг қисқартирилган таржимаси ўзбек тилида нашр қилинган.

Ас: Гаргантюа ва Пантагрюэль, Т., 1970.

Loading...