РАБОТ

РАБОТМарокаш пойтахти. Сале ш. билан Р.-Сале префектурасини ташкил этади. Атлантика океани соҳилида, унга Бу-Регрег дарёсининг қуйилиш ерида жойлашган. Аҳолиси 1,38 млн. кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари). Иқлими субтропик, ўртача т-ра янв. да 12°, июлда 22°. Йиллик ёғин 530 мм. Транспорт йўлларининг мухим тугуни, т. й. ва автомобиль йўллари орқали мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари, шунингдек, Жазоир ва Тунис билан боғланган. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Работ — мамлакатнинг йирик иқтисодий маркази. Саноатининг асосий тармоқлари: тўқимачилик ва тикувчилик, озиқ-овқат, металлсозлик, кўн-пойабзал, ёғочсозлик, кимё, полиграфия. Мебель, минерал ўғитлар ишлаб чиқарилади. Работ — мамлакатнинг илмий ва маданий маркази: ун-т (1957), консерватория, и. т. муассасалари, миллий театр, Удайя музейи, халқ санъати ва б. музейлар, кутубхоналар бор. Шаҳарда банклар, ҳукумат идоралари жойлашган.

Шаҳарга 1150 й. да муваҳҳидлар томонидан асос солинган. 17-а. да Работга Андалусиядан мусулмон ҳунарманд ва савдогарларининг кўчиб келиши муносабати билан шаҳар тез ривожланди. 1627 — 66 й. ларда мустақил Риф республикаси пойтахти. 19-а. да Работ сиёсий ва иқтисодий марказга айланди. 20-а. бошларида француз босқинчиларига қарши миллий озодлик кураши маркази. 1912—56-й. ларда Франция протекторатининг маъмурий маркази. 1956 й. дан мустақил Марокаш давлатининг пойтахти.

Работнинг тарихий маркази Бу-Регрег дарёси бўйидаги қоя устида жойлашган. Шаҳарнинг эски қисми 12-а. охирида баланд девор билан ўралган. Меъморий ёдгорликларидан Катта масжид (14а.), Ҳасан масжиди (12-а.), мақбаралар, Қирол саройи (1775) ва б. сақланган. Шаҳарнинг жан. да янги замонавий бинолар қурилган.

Loading...