РАДИАТОР

РАДИАТОР (лот. radio — нурланаман, нур тарқатаман) — 1) турар жойлар, жамоат ва и. ч. биноларини иситиш тизимларида қўлланиладиган иситиш асбоби. Чўян, пўлат, чинни ва керамикадан ясалади. Секциялари бир-бири билан бириккан каналли трубалар тизимидан иборат, трубалар ичида сув ёки буғ айланиб туради. Сув ёки буғ айланиш канали бўйича бир, икки ва кўп каналли хиллари бор. Трубалар иссиқликни энг кўп тарқатадиган шаклда ясалади. Ҳаво трубалар орасидаги бўшлиқдан ўтиб қизийди ва хонани иситади. Иситувчи панеллар деб аталувчи штампланган пўлат Р. лар ҳам кенг ишлатилмоқда;

2) ички ёнув двигатели цилиндрларининг сув ғилофларидаги исиган сувни ёки мойлаш тизимидаги қизиган мойни совитиб берадиган, латундан ясалган қурилма;

3) радиоэлектроникада — ярим ўтказгичли асбоблар, интеграл схемалар, резисторлар ва б. электрон қурилмалардан иссиқликни олиб кетадиган қурилма. Асосан, алюминий қотишмалари, мис, магнит ва бериллий кртишмаларидан тайёрланади. Пластинкали, штирли, симли ва б. турдаги Радиаторлар бўлади.

Loading...