РАДИАЦИЯ (лот. radiatio — нурланиш) — ядровий ўзгаришлар оқибатида вужудга келадиган электромагнит ва корпускуляр нурланишлар, Қуёш нурланиши, космик нурлар оқимлари. Радиациянинг тирик организмга таъсири Радиация дозаси билан белгиланади. Рентген (р) билан ўлчанади. Радиация миқдори сингувчи радиация ва б. радиоактив нурланишларнинг шикастловчи таъсирига боғлиқ. Бир кунда 20 р гача Радиация киши организми учун хавфсиз доза ҳисобланади. Бундан ортиқ миқдордаги Радиация организмдаги тўқималарни шикастлаб, кишини нурланиш касаллигига мубтало қилади. Радиация дозаси дозиметрик асбоблар ёрдамида ўлчанади. Радиоактив модда (а, р~, у нурлар, нейтронлар ва б.) ва б. ионловчи нурланиш манба (рентген қурилма)лари билан ишлаганда уларнинг зарарли дозасини хавфсиз нурланиш дозасигача камайтириш учун тадбирлар комплекси ишлаб чиқилган.
Берк нурланиш манбалари (герметик нурланиш манбалари, рентген қурилмалари, тезлаткичлар ва б.) дан атроф муҳитга радиоактив моддалар тарқалмайди. Бундай манбалар билан ишлаганда организмга фақат ташқи нурланиш таъсир қилади. Ташқи нурланиш дозасини камайтириш учун нурланиш майдонида ишлаш вақтини минимал ҳолатга келтириш, узок, масофада туриш ва манба ёки объектни экранлаш керак.
Очиқ нурланиш манбалари билан ишлаганда радиактив моддалар нафас йўли, ошқозон, ичак ёки тери орқали организмга кириши ва организм ичдан нурланиши мумкин (қ. Радиоактивлик). Ички нурланиш дозасини камайтириш учун технологик ускуна ва иш жойини герметиклаш, вентиляция тизимларига фильтр қўйиш, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ва радиацион гигиена қоидаларига амал қилиш зарур.
Радиоактив модда ва б. ионловчи нурланиш манбалари билан ишлайдиган ҳамма корхоналарда радиация хавфсизлиги хизмати (РХХ) радиацион назорат олиб боради (яна қ. Радиацион ҳимоя).