РАДИОАКТИВАЦИОН АНАЛИЗ

РАДИОАКТИВАЦИОН АНАЛИЗ, активацион анализ — моддаларнинг сифат ва миқдорий таркибини уларни нурлантириш натижасида ядроларида ҳосил бўлган радиоактив нурланишга кўра аниқлаш усули. Радиоактивацион анализ дастлаб Венгрия кимёгарлари Д. Хевеши ва Г. Леви томонидан 1936 й. да иттрий препаратида диспрозий миқдорини аниқлаш учун қўлланган. Радиоактивацион анализда текширилаётган модда маълум муддат ядро заррачалари (нейтронлар, протонлар, дейтронлар, азаррачалар ва б.) ёки унурлар билан нурлантирилгач махсус қурилмалар ёрдамида ҳосил бўлган радиоактив изотопнинг тури ва фаоллиги аниқланади. Энг кенг тарқалгани нейтронактивацион усул бўлиб, бунда текширилаётган модда ядро реакторида нейтронлар ёрдамида (л, у) — реакция бўйича фаоллантирилади.

Ҳар бир радиоактив изотоп ўзига хос ярим емирилиш даври (Т|/2) ва нурланиш энергияси (Еемир)га эга бўлиб, унинг бу тавсифи бошқа радиоактив изотопникига асло ўхшамайди. Изотопларнинг бу тавсифлари махсус жадвалга тўпланган. Жадвалдан эса шу радиоактив изотоп мавжуд бўлган элементнинг тартиб раками ва масса сонини аниқлаш мумкин. Ҳосил бўлган фаоллик миқдори эса нурлантирилган изотоп миқдорига пропорционал. Элементнинг изотоп таркибига кўра шу элементнинг миқдори аниқланади.

Модданинг сифат ва миқдорини Радиоактивацион анализ ёрдамида аниқлашда инструментал ёки радиокимёвий усулдан фойдаланилади. Инструментал Радиоактивацион анализ ҳосил бўлган радиоактив изотопларни радиотехник қурилма ёрдамида тўғридантўғри текширишга асосланган. Радиокимёвий Радиоактивацион анализда моддага кимёвий ишлов бериб, фаоллантирилган элементларни кимёвий жихатдан ажратилади, сўнгра уларнинг фаоллиги аниқланади.

Loading...