РАДИОАСТРОНОМИЯ

РАДИОАСТРОНОМИЯ (радио., ва астрономия) — астрономиянинг куёш, юлдузлар, галактикалар сингари осмон жисмларини улардан нурланадиган (узунлиги мм нинг улушларидан бир неча км гача бўлган) радиотўлқинлар асосида ўрганадиган бўлими. Қуёш радиотўлқинлари тўғрисида фикрлар 19а. даёқ илгари сурилган ва уларни қайд қилишга уринишлар бўлган. Фақат 1931 й. К. Янский (АҚШ) 14,6 м тўлқин узунлигида Сомон Йўли радионурланишини тасодифан қайд қилди ва шу мақсадда параболик антенна ҳамда сезгир приёмникни қўллади. 2-жаҳон уруши йилларида радиотўлқинли алоқага эҳтиёж сезилди. 1942 й. Қуёшнинг, 1945 й. Ойнинг тинч қолатдаги радионурланиши, 1946 й. эса Оққуш юлдузлар туркумида «дискрет» (кичик ўлчамли) радионурланиш манбаи кашф қилинди. Осмон жисмларида рўй бераётган физик ҳодисаларни ўрганишда 20-а. 60-й. ларидан Радиоастрономиядан кенг фойдаланилмоқда. Кузатилаётган барча радиоастрономик ҳодисалар физикага маълум радионурланиш механизмлари б-н. Мас, қаттиқ жисм (сайёралар ва Қуёш системасидаги кичик жисм)лардаги иссиқлик нурланиши; космик плазма (Галактикадаги газ туманликлар, Қуёш ва юлдузлар атмосфераси) ионлари майдонида иссиқлик электронларининг тормозланиш нурланиши ва б. билан боғлиқ. Космик радионурланишлар турли хил радиотелескоплар ёрдамида текширилади. Кенг полосали радиометрларга туташ спектрлар, радиоспектрографларда спектрал чизиқлар кузатилади. Махсус радиотелескоплар — радиоспектрометрлар, радиополяриметрлар ёрдамида радионурланишнинг спектрал таркиби, интенсивлиги, қутбланиши ва б. кўрсаткичлари ўрганилади.