РАДИОБИОЛОГИЯ (радио… ва биология) — ионловчи нурларнинг тирик организмлар, улар уюшмалари ва умуман биосферага таъсирини ўрганадиган фан, радиологиянинг бир бўлими. Радиобиология тиббиёт, қ. х. ва саноатда ядро нурларидан фойдаланиш, тирик организмлар, айниқса, инсонни ионловчи нурлардан муҳофаза қилишнинг назарий асоси. Радиобиология инфрақизил, ёруғлик ва ультрабинафша диапазонларда таъсир этадиган электромагнит тўлқинлари ҳамда мм ва см диапозонидаги радиотўлқинлар таъсирини ўрганадиган фотобиология билан бевосита боғлиқ. Радиобиология радиоактив заррачаларни нурланаётган объектларнинг ички қисмига кириб бориб, уларнинг атом ва молекулалардан ташкил топган барча таркибий қисмларига таъсир этиш хусусиятларини ҳамда юқори энергияга эга бўлган квантлар ва заррачалар (азаррача, электронлар, позитронлар, протонлар, нейтронлар ва б.) билан боглиқ жараёнларни ўрганади. Ионловчи нурларнинг биологик таъсирини ўрганиш В. К. Рентген рентген нурларини (1888), А. Беккерель радиоактивликни (1896), П. Кюри ва М. КюриСклодовская томонидан радий элементининг кашф этилиши билан деярли бир вақтда бошланган. Лекин Радиобиология мустақил фан сифатида фақат 20-а. нинг 1-ярмида шаклланди. Бу кўп жиҳатдан техника ва ядро физикасининг ривожланиши билан боғлиқ. 1925 й. да ионловчи нурларнинг мутаген таъсири кашф этилиши радиацион генетиканинг фан сифатида шаклланишига имкон берди. 20-а. нинг 20—30-й. ларида Радиобиология соҳасида қилинган тадқиқотлар таҳлили асосида ҳужайранинг нурланиш дозасидан ҳалок бўлишини тушунтириш учун унда сезгир — нишон — мўлжал мавжудлиги ҳақидаги гипотеза ишлаб чиқилди. Гипотезага кўра, ионлашган заррачаларнинг «нишон»га тегиши радиацион эффектни пайдо қилади. «Нишон» назарияси инглиз олими Д. Ли (1946), рус олими Н. В. Тимофеев — Ресовский ва немис олими К. Циттер (1947) томонидан тўлиқ ишлаб чикилган.
20-а. нинг 40—50-й. ларида ядро физикаси ва техниканинг жадал ривожланиши, атом энергияси ва радиоактив изотопларнинг техника, тиббиёт ва и. т. ишларида кенг қўлланилиши ҳамда ядро қуролларининг синовдан ўтказилиши бир қатор янги муаммоларни пайдо қилди. Бу муаммолар кўп ҳужайрали организмлар ёппасига нурланганида уларнинг радиацион шикастланганини тадқиқ қилиш; организмларнинг нурланишга турли даражада сезгирлиги сабабларини аниқлаш, зарарли мутацияларнинг пайдо бўлишида радиациянинг аҳамиятини аниқлаш, нурланиш таъсири оқибатларини ўрганиш (умрнинг қисқариши, ўсма касалликларининг кўпайиб кетиши, иммунитетнинг пасайиши сабаблари) ва б. дан иборат. Радиобиологиянинг актуал амалий вазифаларига организмни нурланишдан ҳимоя қилиш ва шикастланган тўқималарни пострадиацион тиклаш, атроф муҳитда радиация ортиб кетишининг инсониятга таъсирини башорат килиш, қ. х., озиқ-овқат ва микробиология саноатида ионловчи нурлардан фойдаланишнинг янги истиқболли йўлларини аниқлаш киради.
1950—60 й. ларда Радиобиология соҳасидаги и. т. ларда биофизика ва биокимё методларидан кенг фойдаланила бошланди. Натижада ҳужайра структуралари ва макромолекулалар факат квантлар ва заррачаларнинг бевосита таъсири остида эмас, балки сув ва бошка кичик молекулали бирикмалар радикаллари (пероксидлар, гидропероксидлар, хинонлар, семихинонлар) кислород иштирокида ҳам нурланиши маълум бўлди. Ана шу даврда радиациядан ҳимоя қилувчи воситалар (радиопротекторлар), кимёвий моддалар ҳам кашф этилди. Нурланиш касаллигини даволашнинг самарали усуллари ишлаб чиқилди.
Халқ хўжалигининг турли соҳаларида радиоактив моддалардан кенг фойдаланиши, ядро қуролларининг синовдан утказилиши, атом электростанцияларининг кўплаб қурилиши туфайли Ер юзининг радиоактив моддалар, биринчи навбатда стронций ва гнезийнинг узоқ яшайдиган нуклидлари билан ифлосланиши Радиобиология олдига янги вазифаларни қуйди. Буларга организмга тушган радиоактив моддаларнинг узига хос таъсирини урганиш, уларнинг тўқималарда тақсимланиши, ҳужайраларнинг сурункали нурланиши, организмдан чиқиб кетиши муддатларини аниқлаш киради. Кичик дозали радиациянинг организмга сурункали таъсир этиш муаммоларини ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. 1960—70 й. ларда репарация, яъни қайта тикланиш ҳодисаси, радиоактивлик таъсирида зарарланган ДНК молекуласининг ферментлар ёрдамида қайта тикланиши аниқланди. Бу кашфиёт радиациянинг таъсир механизми ҳақидаги олдинги хулосаларни қайта кўриб чиқишни тақозо этди. Нурланган тўқима ва ҳужайралардаги биокимёвий ўзгаришларни ҳамда ҳужайра структуравий элементларининг зарарланишини ўрганиш радиациянинг таъсирини тушунтирувчи янги структуравий — метаболик гипотезани ишлаб чиқишга имкон берди (А. М. Кузин, 1970). Бу гипотезага кўра, радиация таъсирига учраган организмдаги радиацион эффектнинг характери молекулалар ва улардан юқори турувчи структураларда содир бўладиган жараёнларни бошқарувчи системалардаги моддалар алмашинуви билан боғлиқ. Замонавий Радиобиология кўп қиррали бўлиб, унинг экология, цитология, генетика, биокимё, селекция ва космос билан боғлиқ бўлган соҳалари айниқса жадал ривожланмоқда.
Радиобиология соҳасидаги тадқиқотлар ионловчи нурлардан амалда фойдаланишни кўрсатиб берди. Ҳоз. нур касалликларини даволашнинг самарали усуллари ишлаб чиқилган. Ионловчи нурлардан қ. х. зараркунандаларига қарши кураш, ҳосилдорликни ошириш мақсадида уругларни экишдан олдин нурлантириш, қ. х. маҳсулотларини сакдаш муддатини узайтириш ва тиббий препаратларни стериллашда кенг фойдаланилмокда. Ҳоз. барча ривожланган мамлакатларда Радиобиология марказлари мавжуд. Ўзбекистонда бундай марказлар Тошкент, Самарқанд ва б. вилоятларда фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон ФА ядро физикаси инти, биокимё, генетика ва экспериментал биол. интларида Радиобиологияга оид тадқиқотлар олиб борилади. Гамманурлар ва радиоактив фосфордан фойдаланиб ғўзанинг янги навлари яратилган. Радиациянинг тирик хужайраларда борадиган физик-кимёвий жараёнларга таъсири ўрганилмоқда. Республикада Радиобиологиянинг ривожланиши Ж. Хамидов, Н. Назиров, А. Иброхимов, А. Крсимов, А. Мирахмедов, А. Аминов, Л. Муртазаева, П. Холиқов, С. Холиқов ва б. нинг тадқиқотлари билан боғлиқ.
Ад.: Основы радиационной биологии, М., 1964; Кузин А. М., Каушанский Д.
А., Прикладная радиобиология, М., 1981; Ярмоненко С. П., Радиобиология человека и животных, М., 1984.
Абдукарим Зикирёев.