РАДИОЭШИТТИРИШ

РАДИОЭШИТТИРИШ, радиоэшиттирув — оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос электрон техникага асосланган тури. Овозни махсус аппаратлар ёрдамида кўпайтиради ва кенг ҳудудларга, узоқ масофаларга етказиб беради. Радиоэшиттириш матбуотнинг ўзига хос, оғзаки, эшитувчига йўналтирилган бир кўриниши сифатида матбуот қонуниятлари асосида фаолият курсатади, унинг функцияларини узига хос равишда адо этади. Радиоэшиттиришнинг информацион (хабар, суҳбат, репортаж), таҳлилий (радио чиқиш, шарҳ, кузатув), бадиийпублицистик (лавҳа, очерк, фельетон, эссе) сингари асосий жанрлари мавжуд. Шунингдек, унда адабий ижодга (радиоҳикоя, радиопьеса, радиоспектакль), мусиқа санъатига (радиоконцерт, радиокомпозиция) оид эшиттиришлар ҳам берилади. Радиоэшиттириш оммавий ахборот воситаси сифатида оммага информация, турли маълумотлар етказиб бериш билан биргаликда мусиқа санъатини оммалаштиришда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Радио дастлаб алоқа воситаси сифатида ишлатилган бўлса, кейинчалик ундан оммавий ахборот воситаси сифатида ҳам фойдаланилган. Биринчи Радиоэшиттиришлар 1919 й. да Нижний Новгород радиолабораториясидан, 1920 й. Москва, Қозон ва б. шаҳарлардаги тажриба Р. станцияларидан олиб борилган. 1924 й. 23 нояб. дан эса мунтазам берила бошлаган.

Ўзбекистонда дастлабки тажрибавий Радиоэшиттиришлар 1926 й. Тошкентда ўтказилган. 1927 й. 11 фев. да қуввати 2 кВт бўлган оммавий радиостанция ишга туширилиб, мунтазам Радиоэшиттиришлар бошланган. 1934 й. да Ўзбекистон радиолаштириш ва радиоэшиттириш давлат қўмитаси ташкил этилди, 1996 й. 7 майдан эса бу қўмита Ўзбекистон телевидение ва радиоэшиттириш давлат компаниясига айлантирилди.

Ҳоз. пайтга келиб радио мисли кўрилмаган даражада тараққий этди ва инсониятнинг маънавий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олди. Дунёдаги барча ривожланган мамлакатлар ўз Радиоэшиттириш ларига эга. Жаҳонда АҚШга қарашли «Америка овози», «Озодлик», Англиянинг «БиБиСи», Германиянинг «Немис тўлқинлари» ва б. ўнлаб радиостанциялар ишлаб турибди. Ўзбекистонда 5 та радиостудия фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида Ўзбекистон телевидение ва радиокомпаниясига қарашли Тошкент радиоси етакчи ўринни эгаллайди.

Республика радиосининг эшиттиришлари 4 дастур бўйича олиб борилади. 1-дастурда асосан ижтимоий-сиёсий, иктисодий ва маданий-маънавий мавзулардаги эшиттиришлар («Ўзбекистон»), 2-дастурда ёшлар учун эшиттиришлар («Ёшлар»), 3-дастурда ахборот ва мусиқий эшиттиришлар («Машъал»), 4-дастурда эса рус, қозоқ, уйғур, татар ва қрим-татар тилларида эшиттиришлар олиб борилади («Дўстлик»). Юқоридагилар билан бир қаторда республикамизда бир қанча хусусий, нодавлат радиостанциялар ҳам фаолият кўрсатмоқда («Водий садоси», «ОриятДоно» ва б.).

Ўзбекистон радиоси чет эллар учун ҳам мунтазам эшиттиришлар (инглиз, араб, форс, уйғур, ҳинди ва ўрду тилларида ҳамда чет эллардаги ватандошлар учун ўзбек тилида) бериб боради. Тошкент Радиоэшиттиришнинг «Ахборот», «Ижтимоий-сиёсий», «Иктисодий эшиттиришлар», «Адабийбадиий эшиттиришлар», «Мусиқа эшиттиришлари», «Маҳаллий эшиттиришлар», «Болалар ва ўсмирлар учун эшиттиришлар» каби бош мухарририятлари мавжуд. Унда «Яхши кайфият», «Ватан», «Ҳамроҳ», «Дугоналар», «Гулшан», «Табассум», «Бугун радиотеатрда», «Мутолаа» ва б. доимий мавзу эшиттиришлари, радиожурналлар бериб борилади. Телевидение ва радиоэшиттириш давлат компанияси ҳузурида ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестри, макрмчилар ансамбли, дуторчи қизлар ансамбли, эстрадасимфоник оркестри, хор жамоаси каби бадиий жамоалар ишлаб турибди.

Мухтор Худойқулов.

Loading...