РАДИОЛОКАЦИЯ

РАДИОЛОКАЦИЯ (радио ва лот. locatio — жойлашиш) — фан ва техниканинг куруклик, сув ёки фазодаги объектларни радиотехника усули билан топиш ва турган жойини (вазиятини) ва б. параметрларини аниқлаш билан шуғулланадиган соҳаси. Иши радиотўлқинлар, акссадо, сигналлар ва б. нинг тўсиқ (объектлар) дан қайтишига асосланган Радиолокацияда ўта юксак частотали радиосигналлардан фойдаланилади (қ. Улътрақисқа тўлқинлар).

Тўлқинлар махсус антенналар билан объект томонга тарқатилади ва қабул қилинади. Радиолокация узаткичи тўлқинларни қисқақисқа порциялар тарзида тарқатади. Радиолокация қабул қилгичи (приёмниги) объектдан қайтган тўлқинларни қабул қилади. Қайтган тўлқинлар асосида оператор объект ўрнини аниқлайди. Радиолокация ст-ясидан объектгача бўлган масофа D= 0,5 ct (с=300000 км/см — радиотўлқин тезлиги, t — тўлқиннинг объектга бориб қайтиш вақти). Радиолокациядан ҳар қандай обҳаво шароитида фойдаланиш мумкин. Радиотўлқинларнинг бирор объектдан қайтиш ҳодисасини биринчи марта Г. Герц кузатган (1886—89). 1897 й. А. С. Попов радиотўлқинлар йўлини кесиб ўтувчи кеманинг сигнал кучига таъсир этишини сезган. Немис муҳандиси К. Хюльмайер, америкалик муҳандислар А. Тейлор ва Л. Юнг, англиялик Г. Брейт ва М. Тьюв, совет олимлари М. М. Лобанов, Ю. К. Коровин ва б. фанни ривожлантирган.

Қайтган сигналлар бўйича объектнинг узоқлиги икки усул билан ўлчанади. Биринчи (импульели) усули импульсни нурлатиш ва объект қайтарган импульснинг кечикиш вақтини нурлатилган импульега нисбатан ўлчашга асосланган. Иккинчи усули зондлаш нурлатиши ва объектдан қайтиши билан боғлиқ бўлган иккита узлуксиз тўлқинлар интерференциясини кузатишга асосланган.

Объектларни пеленглаш уларни бир пунктдан кузатиб ва тўлқинларни маълум масофага сурилган антеннада қабул қилиб амалга оширилади. Бир пунктдан кузатиладиган Радиолокация қурилмаларида сигналлар амплитудасини таққослаш йўли билан пеленглаш усули кенг қўлланилади. Оддий ҳолда антеннанинг икки вазиятдаги йўналтирилган диаграммасида объектдан қайтган сигналлар амплитудаларини таққослаш етарли; бунда сигналларнинг ишораси ва қиймати бўйича фарқи объектга йўналтирилган сигналнинг тўғри юбориладиган (хатолик нолга тенг бўлгандаги) сигналга нисбатан оғиш қиймати ва ишораси ҳақидаги хулоса чиқаришга имкон беради (қ. Радиолокатор, Радиопеленгатор).

Loading...