РАДИОПРИЁМНИК (радио… ва рус. приёмник — қабул қилгич) — радиоузаткич ёрдамида фазога тарқатилган радиотўлқинларни қабул қиладиган ва кучайтириб берадиган қурилма. Биринчи бўлиб А. С. Попов қабул қилинган сигналларни телеграф лентасига ёзиб олиш учун ўз аппарати схемасига Морзе аппаратинн улаган. 1902 й. да Маркони фирмаси (Италия) магнитли детектор ишлаб чиқарди. 1905 й. да Р. Феосенден (АҚШ) электролитли детектор яратди, 1906—08 й. ларда кристалли детектор кенг тарқалди, натижада детекторли приёмниклар ясалди. Рус радиоҳаваскори О. В. Лосев 1922 й. да Радиоприёмникнинг янги типи — кристадинни яратди. Катодли лампалар ишлаб чиқарилгандан сўнг электрон лампали Радиоприёмник яратилди. Дастлабки лампали Радиоприёмник Англия ва Францияда 1915 й. да пайдо бўлди. Кейинчалик регенератив Радиоприёмник, супергетеродин Радиоприёмник, рефлекс Р. яратилди. 20-а. 50-й. ларида тебранишларни генерациялаш ва кучайтириш учун яримўтказгич асбоб (транзистор) лардан кенг фойдаланила бошланди. Кейинчалик босма схемали Радиоприёмниклар раcм бўлди.
Радиоприёмник антеннасида турли радиотўлқинлардан ҳосил бўлган э. ю. к. ичидан радиостанция керакли сигналларни ажратади, кучайтиради ва товуш эшиттириш аппарати (радиокарнай, телефон, телеграф аппарати ва б.)га таъсир қилувчи анча паст частотали э. ю. к. га айлантиради (детекторлайди). Бу функцияларни Радиоприёмник таркибига кирувчи, керакли частотага созловчи частотали селектив резонанс занжирлари (тебраниш контурли электр фильтрлар, ҳажмий резонаторлар), электр тебранишларини кучайтиргичлар ва детекторлар бажаради. Булардан ташқари, Радиоприёмникда автоматик ростлаш занжири, қабул қилинган ахборотларни эшиттириш (карнай, кинескоп) ва Радиоприёмник ишини текшириш (ўлчаш асбоблари, индикаторлар) жиҳозлари бўлади.
Қабул қилинадиган сигналларни модуляциялаш (ўзгартириш) турига қараб, Радиоприёмник детекторли, амплитудали, частотали, фазали ёки бошқа типда бўлиши мумкин. Радиоприёмник ишининг асосий кўрсаткичлари: сезгирлиги — кучсиз радиосигналларни қабул қилиш хусусияти; селективлиги — фойдали сигналларни бегона радиочастотали тебранишлар (радиохалақитлар)ни бир неча мартагача пасайтириб, улардан ажратиб олиш хусусияти; барқарорлиги — қўшимча операцияларни, Мас, созлаш, қайта улаш ва б. ни бажармай узлуксиз қабул қилишни таъминлаш хусусияти.
Радиоприёмник вазифасига (радиоэшиттириш, телевизион, алоқа, радиолокацион ва б.), радиотўлқинларни қабул қилиш усулига (супергетеродин, регенератив ва б.), иш турига (телеграф, телефон радиоприёмниги ва б.), модуляциялаш усулига (қ. Модуляция), қабул қиладиган радиотўлқинлар диапазонига, энергия б-н таъминланиш усулига (ўзгарувчан ток тармоғи, батарея ва б.) қараб хилларга ажралади.
Ҳар қандай Радиоприёмник қуввати, сезгирлиги, сигналларни танловчанлиги ва б. хусусиятлар билан ифодаланади.