РАЖАБОВ

РАЖАБОВ Болтабой (1878.20.2, Марғилон яқинидаги Шакар қишлоғи — 1960.17.3, Марғилон) — Ўзбекистон халқ ҳофизи (1939). Тиниқ ва майин овоз соҳиби. Ашула йўлларини дастлаб бобоси Матхолиқ ҳофиз, отаси Ражаббой, тоғаси Максуд ҳофизлардан, кейинчалик Ҳамроқул қори, Турғун сариқ, Холқора ота, Абу Бахриддин каби устоз санъаткорлардан ўрганган. 1920—30 й. ларда Фарғона водийсида катта ашула ижрочиси сифатида танилиб, мазкур жанр ривожига катта ҳисса қўшган ва талқинчилик мактабини яратган. Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон шаҳарлари ва туманларида, Катта Фарғона канали (1939) ва б. қурилишларда маданий хизмат қилган. Репертуаридаги 150 дан зиёд халқ қўшиқ, ялла ва ашулалари, айниқса, ашулалар («Келибман», «Эй санам», «Хайрул башар», «Жудо қилма», «Шояд», «Оҳ ким», «Бўстон», «Бу гулшан») таъсирчан оҳангда, жозибали янграган. Маматбува ҳофиз, Ж. Султонов, М. Узоқов каби ҳофизларга устозлик қилган.