РАМЗ

РАМЗ (араб. — ишора қилмоқ) (бадиий адабиётда) — воқеликни бадиий акс эттиришнинг шартли усули; бадиий шартлилик шаклларидан. Рамз мажоздан фарқ қилиб, мазмуни образли қурилиши б-н боғлиқ бўлади ва кўпмаънолилиги б-н ажралиб туради. Рамз барча халқлар фольклори ва адабиётида қадимдан мавжуд. Рамзий образлар муайян тизимни ташкил этади ва айрим ҳолларда кўпчилик халқлар адабиёти ва санъатида муштарак мазмунни ифодалайди. Мас, шер — мардлик, тулки — маккорлик, бўри — очкўзлик ва б. Адабиёт тарихида асрлар давомида ишлатилиб келинаётган рамзий образлар тизими ҳам мавжуд; гул — гўзаллик, маъшуқа; булбулошиқ; сариқ ранг — маҳзунлик, қора ранг — мотам рамзи ва б. Ижодкорлар анъанавий Рамзлар билан бир қаторда табиатдаги ҳар бир ҳодиса ва детал (Мас, булут, булоқ, чақмоқ ва б.)дан рамзий тасвир учун фойдаланадилар. Бунда у ёки бу нарса тасвир жараёнида ёзувчи мақсадига хизмат қилувчи муайян рамзий маънога эга бўлади.

Халқ оғзаки ижодиёти ва мумтоз адабиётда кенг кўламда ишлатилган рамзий тасвир усули ҳоз. адабиётда ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда.