РАНГ АЖРАТА ОЛМАСЛИК

РАНГ АЖРАТА ОЛМАСЛИК, дальтонизм — одам кўзининг қисман ранг ажрата олмаслиги, ирсий нуқсон. Ёш болаларда учрайдиган касаллик; атрофмуҳитдаги рангларни кўз тўр пардасининг колбачасимон ҳужайралари сезади. Улар рангларни сезувчи 3 та ҳар хил элемент бўлиб, ҳар бири 3 та асосий рангнинг (қизил, кўк ёки бинафша) фақат биттасини сезади. Шу 3 рангдан қайси бирини сезадиган элемент бўлмаса, одам ўша рангни кўрмайди.

Ранг ажрата олмаслик туғма ёки ҳаёт даврида орттирилган бўлиши мумкин. Туғма Ранг ажрата олмаслик дальтонизм деб аталиб (инглиз олими Дальтон уни муфассал тасвирлаб берган), асосан, эркакларда учрайди. Бунда бемор қизил ҳамда яшил рангларни ажрата олмайди. Бинафша рангни ажрата олмаслик камроқ учрайди. Рангларни бутунлай кўрмаслик Ранг ажрата олмаслик ёки монохромазия дейилади. Бунда ранг-баранг дунё бир хидда кулранг бўлиб туюлади. Дальтонизм наслданнаслга (Мас, отадан қизи орқали ўғил набирасига) ўтади.

Ҳаётда орттирилган Ранг ажрата олмаслик кўз ва марказий нерв системасининг баъзи касалликлари (ўсма, шикастлар, глаукома, кўриш нерви атрофияси)да рўй бериб, бунга уччала рангни сезишнинг пасайиши ёки бутунлай йўқолиши сабаб бўлади.

Ҳаётда орттирилган Ранг ажрата олмасликни ўз вақтида даволаб, рангларни ажратишни тиклаш мумкин.

Loading...