РАВЕЛЬ

РАВЕЛЬ (Ravel) Морис Жозеф (1875.7.3, Франциядаги Сибур ш. — 1937.28.12, Париж) — француз композитори. Париж консерваториясини тугатган (1905). Ижодида дастлаб мусиқий импрессионизм, 1917 й. дан неоклассицизм тамойилларини ривожлантирган. Асарлари колоритининг бойлиги, шакл ва ритмлар равшанлиги, мавзулар халқ (айниқса, испан) куйларига яқинлиги б-н ажралиб туради. «Сув ўйини», «Акс тасвирлар», «Кечки Гаспар» (1905—08) асарларида янги фортепиано услубини кашф этган. Рақс куйларига изчил мурожаат қилиб хореографик симфония («Дафнис ва Хлоя» балети, 1911), хореографик поэма («Вальс», симфоник оркестр учун, 1920) жанрларини яратган. 2 опера, 3 балет, 2 фортепиано концерти, симфоник, вокалсимфоник ва камер асарлар муаллифи. «Болеро» (1928) француз симфонизми чўққисидир. Унинг мусиқаси асосида Навоий театрида балет саҳналлаштирилган (1960). Равель анъаналари Ўзбекистон композиторлари (А. Козловский, Г. Мушель ва б.) ижодига катта таъсир этган, С. Каримхўжаев «Равель хотирасига» номли хореографик поэма (1974) яратган.

Loading...